Студопедия.Орг Главная | Случайная страница | Контакты | Мы поможем в написании вашей работы!  
 

Va tarixiy asoslari. 8 страница



Шу нуқтаи назардан, халқимизнинг миллий тикланиш ва мамлакатимизнинг мустақилликка эришиш йўлидаги дастлабки қадамлар айнан ўзбек тилини тиклаш, унинг ижтимоий мавқеини ошириш учун курашдан бошлангани бежиз эмас. Зотан, миллат маънавий-маданий меросининг ўзлаштирилиши ва миллий ғоянинг қай тариқа ривожланишида миллий тил асосий омиллардан бири бўлиб ҳисобланади.

Бу борада мустабид тузум даврларида тилимизга нисбатан олиб борилган мустамлакачилик сиёсатининг фожеали оқибатларини бартараф қилинаётганлиги, ўзбек тилининг мустақил мамлакатимиз ҳаётидаги ўрни Конституцияда алоҳида белгилаб қўйилиши (4-модда) ва Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниб (1989 й.), унга жамиятимиз тараққиёти талабларидан келиб чиқиб зарур ўзгартиришлар киритилгани (1998 й.), айниқса, она тилимизнинг табиий имкониятларини тўла тиклаш мақсадида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг жорий этилиши ва бошқа шулар каби кўп ишлар, ҳеч шубҳасиз, халқимиз ижтимоий-маънавий ҳаёти ва маданиятининг бугунги ва истиқболдаги тараққиёти учун жуда катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Маълумки, сўнгги бир аср мобайнида тилимиздаги ёзув - алифбо тўрт марта ўзгартирилди. Баъзи олимлар ўзбек тилига нисбатан муносабатлардаги иллат - қусурларнинг асосий субъектив сабаблари сифатида худди шу ҳолатни кўрсатишади. Бундай қарашлар, хусусан ҳозирги шарт-шароитлардан келиб чиқилса, кўп жиҳатдан тўғридек. Яъни, ҳақиқатан ҳам, тилимизда алифбонинг ўзгартирилиши халқимиз ҳаётида сўнгги йилларда юзага келган моддий-иқтисодий қийинчиликларни ҳамда бу ҳолнинг илм-фан, адабиёт, санъат ва маданиятимиздаги ворисликка кўрсатадиган катта салбий таъсири назарда тутилса, маълум маънода асослидир. Аммо, ёзувимиздаги бу ўзгаришнинг келгусидаги миллий тараққиётимиз учун аҳамиятини эътиборга олсак, унчалик тўғри эмас. Чунки:

1. Халқимиз узоқ йиллар мустамлакачилик остида яшади. Бу шароитда ҳатто тилимиз ҳам мустақил эмас эди. Маълумки, мустақил бўлмай туриб, ҳеч қандай миллий тил ривожлана олмайди. Шунинг учун ёзувимиздаги ўзгариш, аввало тилимизнинг тўла мустақил бўлишига, эркин ривожланишига имкон беради. Зеро, ёзув тилнинг мустақиллигига, тилнинг мустақиллиги эса миллатнинг тараққиётига хизмат қилади.

2. Мустамлакачилик даврида ёзувимизда қўлланилган кирилл алифбоси она тилимизнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, унинг тараққиёт имкониятларини чеклаб қўйганлиги ва янги алифбо ёрдамида бу иллат бартараф этилганлиги мутахассис-олимлар томонидан тўла исботланган. Шунинг учун, энди ёзувимиздаги ушбу ўзгариш билан она тилимизнинг эркин ривожланиши учун йўл очилади.

3. Янги алифбодаги ёзувга ўтиш мамлакатимизнинг халқаро муносабатлари учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, у халқимизнинг жаҳон ҳамжамиятига, дунё илм-фани ва маданияти билан интеграциялашувига кенг имкониятлар яратади.

4. Янги алифбони жорий этилишининг энг муҳим жиҳати яна мустақиллик билан боғлиқ бўлиб, она тилимизнинг эркин ривожланиб, жамиятимиздаги ижтимоий мавқеини ошириш муаммоси амалда шу ўзгариш туфайли ижобий ҳал бўлади. Яъни, башарти ёзувимизда аввалгидек, кирилл алфавити сақланиб қолаверганида, тилимиз ҳеч қачон эркин ривожлана олмаслигидан ташқари, фуқароларимизнинг бу тилга нисбатан лоқайд, бефарқ муносабатлари ҳам ҳали-ҳамон ўзгармас эди. Шундай қилиб, маданий мерос билан бевосита боғлиқ ўзбек тили ва унинг мустақил тараққиёти халқимизда миллий ғоя ва мафкурани шакллантиришнинг муҳим омилидир. Айни пайтда, кишиларимиз онги ва қалбида миллий ғоя ва мафкурани ривожлантиришда она тилимиз билан боғлиқ оғзаки ва ёзма ижодиётимиз намуналари ҳам катта ўрин тутади.

Яна шу нарсани таъкидлашга тўғри келадики, инсониятга маълум бўлган тиллар ва маданиятларнинг ҳар бири ўз тарихига эга бўлиб, тараққиётнинг кўпгина босқичларидан ўтган. Ҳар бир миллий тилнинг ва маданиятнинг ўзига хос муайян хислат ва фазилатлари бор. Ўзбек тили ҳам шундай тиллар сирасига киради.

Ўзбек тили-Марказий Осиёдаги энг қадимий ва бой тиллардан бири. “Умуман, туркий тиллар йирик икки оқимда ривожланди,- дейди Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзоси Иристой Қўчқотоев Ўзбекистон давлат тили ҳақидаги қонуннинг бажарилиши ва она тилимиз аҳволига бағишланган давра суҳбатида. –Унинг бири турк тили бўлса, иккинчиси ўзбек тилидир. Роман тилларини ривожлантиришда лотин тили қандай роль ўйнаган бўлса, Ўрта Осиё ва Қозоғистон минтақасидаги туркий тилларни ривожлантиришда ўзбек тили шундай роль ўйнади. Демак, ўзбек тили кенг миқиёсда қўллашга муносиб ва эътиборга сазовар тилдир. Унда барча туркий лисонларга хос фазилатлар мужассам. Муҳими, тил учун катта бойлик ҳисобланган шевалари кўп. Қарлуқ, ўғиз, қипчоқ каби шевалар ўзбек тилига ўзига хос фазилатлар бахш этади. Айни пайтда бу шевалар тилнинг табиий этник илдизи ҳамдир. Қисқаси, ўзбек тафаккур олами турк дунёсининг катта ва муҳим қисмини ташкил этади”.

Тарихимизнинг сўнгги 74 йили мобайнида, яъни мустақилликка эришганимизга қадар ўзбек тили эски коммунистик мафкура юргизган сиёсатнинг бирёқламалиги сабабли кейинги ўринларга суриб ташланди, унинг амал қилиш доираси йилдан-йил қисқариб борди. Ўзбек тили жумҳурият аҳолиси 70 фоизидан ортиғини ташкил қиладиган миллатнинг тили бўлишига қарамай, унга бўлган эътибор ва қизиқиш ўз-ўзидан камайиб кетди. Ўзбек тилининг ҳаётда қўлланилиши ва истиқболининг хавф остида қолиши халқимизни қаттиқ ташвишга солди. Бу нарса халқнинг кучли норозилигига ва ҳаққоний эътирозига сабаб бўлди.

Ўзбек тилини астойдил муҳофаза қилиш, унга давлат тили мақомини бериш, бу тилни аслидагидай қилиб тиклаш ва тобора ривожлантириш, уни жаҳондаги етук миллатлар тиллари даражасига кўтариш зарурияти туғилиб, етилиб қолган эди. Тил давлат ҳимоясига олинмаса ривожлана олмайди. Тил ҳокимият билан тирик. Агар тил давлат ҳимоясида бўлса, у чинакамига равнақ топади, шу тилда гаплашувчи халқнинг маданияти ва адабиёти ҳам тез ривожланади.

Аслида-ку ўзбек тилига давлат мақоми берилиши керакми-йўқми, деб тортишиб, мунозара қилиб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди. Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат мақоми берилиши, бу, ниҳоятда, табиий, қонуний бир жараёндир. Табиийлиги шундаки, ҳар бир республикада иш юритилиши унинг ҳудудида яшовчи, шу республикага ўз номини берган асосий халқ тили билан юритилиши лозим. Модомики, Ўзбекистоннинг ўз байроғи, мадҳияси, герби, муҳри бор экан, хўш, нима учун унинг ўз давлат тили бўлмаслиги керак, Модомики, тил миллатни милллат қилувчи асосий белгилардан бири, миллатни бирлаштирувчи куч, миллий тараққиётнинг кўзгуси, авлодларнинг авлодларга қолдирган олтин калити экан, демак, ўзбек тилига давлат мақоми берилишига қандайдир фавқулодда ҳодиса деб қарамаслик керак эди.

Шу нарсани очиқ-ойдин айтишимиз керакки, ўзбек тилига давлат мақоми берилиши оппа-осон, сип-силлиқ бўлмади.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиш арафисида айрим сиёсий гуруҳлар Ўзбекистон шароитига мутлақо тўғри келмайдиган бир-бирига зид келадиган, қарама-қаршиликлардан иборат фикрларни илгари сурдилар, улар халқ ўртасида сохта обрў топишга одамларни ўз орқаларидан эргаштиришга ҳаракат қилдилар. Ўзбек тили ҳақидаги Қонуннинг қабул қилиш масаласи бўйича Ўзбекистонда баҳслар, мунозаралар, тортишувлар узоқ давом этди.

Давлат тили тўғрисидаги қонун инсонлик билан қабул қилинганлиги, мана шундай тарихий жараёнда Марказда ва ўзимизда қулай баҳона ва пайт пойлаб турган, ғаразли мақсадларни кўзлаган кучлар мавжуд бўлганлиги она тилимизнинг бундан кейинги тақдири ўзимизга боғлиқ бўлганлиги тўғрисида гапириб И.Каримов “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида шундай фикр билдирди: “Аввало, Республика Олий Кенгаши қошида тил бўйича таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар, журналистлар ва жамоатчилик вакилларидан иборат махсус комиссия ташкил қилинди.

Комиссия аъзолари аҳолининг турли ижтимоий қатламлари, сиёсий гуруҳлар, барча миллат ва элат вакиллари томонидан билдирилган фикр-мулохазаларни атрофлича ўрганиб, республика рахбарияти ва кенг жамоатчиликка доимий ахборот бериб борар эди. Ана шундай ишчанлик рухида Олий Кенгаш сессиясига тақдим этиладиган лойиҳанинг ҳар бир моддаси бўйича ҳар тарафлама фикр алмашув, бахс ва мунозаралар бўлиб ўтди”.

Тил учун бўлган курашда ўзбек халқи ўзини кўрсатди. Энг муҳими, бу курашда халқ уйғонди.

Узоқ давом этган баҳслар, тортишувлар, мунозара ва муҳокамалардан сўнг Ўзбекистон Олий Кенгаши ўн биринчи сессиясида 1989 йил 21 октябрда “Ўзбекистон ССР нинг давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.

Ўзбекистонда давлат тили тўғрисидаги Қонуннинг қабул қилиниши ўзбек халқининг, жумҳуриятимизда яшовчи бошқа халқларнинг маданий-маънавий ва сиёсий ҳаётида рўй берган ғоят муҳим воқеа бўлди.

Ўзбек тилига давлат мақоми берилиши ҳақидаги тарихий қонун ўзбек тили обрў-эътиборини кўтарди, уни оёққа турғазиш учун зарур бўлган моддий шарт-шароитлар, иқтисодий, сиёсий ва хуқуқий асослар яратилди.

Қонунга биноан ўзбек тили Ўзбекситон Республикасининг давлат тили, деб эълон қилинди. Бу ҳол халқимизни беҳад қувонтириб, дилини яйратиб юборди, миллий ғурурини кучайтирди.

Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши халқимиз учун муқаддас қадриятлардан хисобланган она тилимизнинг қонуний асосларини яратиб берди, тилимиз ўз ҳимоясига эга бўлди.

Давлат тили ҳақидаги Қонун миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш учун шундай бир истиқбол йўлини очиб бердики, бундай бахтли кунлар келадиган дамларни халқимиз узоқ йиллар оша интиқиб кутган эди.

Ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикаси давлат тили деб қонун йўли билан белгилаб қўйилганлиги халқимиз учун чинакамига янгилик буюк бўлди. Тилимиз, тарихимиз, маданиятимиз, бутун маънавий ҳаётимиз тазйиқ остига олинганлиги, диний, ахлоқий, миллий қадриятларимиз оёқ ости қилинганлигидан қанчалик азият чекканлигимизни ҳали унутган эмасмиз. Бундан келгуси насл-насабларимиз, неча-неча авлодларимиз ўзлари учун, албатта, тегишли хулосалар чиқариб олажаклар!

Тил ҳақидаги Қонуннинг бутун руҳи мазмуни ва моҳиятида ўзбек тилининг ижтимоий вазифаларини кенгайтириш ҳақидаги ғоялар устуворлик қилганлиги эътиборга сазовардир.

Қонунга асосланиб яна шуни алоҳида таъкидлашга тўғри келадики, ўзбек тили ва маданияти кенг ривожланадиган, гуллаб-яшнайдиган, ўз имкониятларини тўла намоён этадиган асосий маскан, асосий замин-бу Ўзбекистондир. Ўзбекистон-ўзбек тили ва маданиятининг тараққиёт ўчоғидир. Ўзбекистон-ўзбек халқи ва тили ҳимоя қилинадиган Ватандир. Ўзбек тили Ўзбекистонда ҳимоя қилинмаса, равнақ топмаса, хўш, у қаерда ишлатилади, уни кимлар ҳимоя қилади ва қандай ривожлантирилади? Худди шунингдек, бошқа миллий тиллар ва маданиятлар ҳам ўз тарихий ватанида равнақ топиш имкониятига эга. Буни унутмаслигимиз керак.

Ўзбекистон Республикаси ўзбек тили ва маданиятини бутун чоралар билан ривожлантиради ва унинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида тўлиқ амал қилишини таъминлайди. Бу ҳақда Қонунда айтиб ўтилган.

Ўзбек тилини қўлланиш соҳаларининг кенгайиши бошқа тилларнинг ривожланиш имкониятларини чекламайди. Бу нарса Қонуннинг бош қисмида алоҳида таъкидланган, бошқа кўпгина моддаларда ҳам яна бир бор қайд этилган.

Бошқа элатлар ва миллатларнинг тилини ҳурмат қилиш, уларни камситмаслик миллий-маънавий тикланиш жараёнида катта роль ўйнайди. Мустақиллик Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча миллатлар ўз она тили ривожи ҳақида қайғуриш имконларини кенгайтирди. Таълим, керакли маълумотлар олиш хуқуқларини кафолатлаб берди. Президентимиз бу хақда гапириб, “Қабул қилинган қонунда давлат тили билан бирга юртимиздаги барча миллат ва элатларнинг тилларини ривожлантириш, давлат йўли билан химоя қилиш, тили, дини ва миллатидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг ўз она тилида таълим, ахборот, керакли маълумот олиш каби ҳуқуқларини кафолатлаш масалалари аниқ белгилаб қўйилган”.

Давлат тили ҳақидаги Қонун қабул қилиниб, мустақилликка эришганимизга қадар, Ўзбекистон давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятида, анжуман, пленум, қутултой, сессия, конференция, мажлис ва кенгашлар ўзбек тилида эмас, рус тилида олиб бориларди, қонун, қарор ва бошқа ҳужжатлар шу тилда тайёрланарди, ўзбек тилига кейин таржима қилинарди. Бирорта одам, нима учун шундай, деб сўрай олмасди. Ҳозир ана шундай изтиробли даврлар биз учун ўтмиш бўлиб қолди. Занжирбанд қилиб ташланган тилимиз истибдод кишанларидан қутулди, эркин бўлди.

Тил ҳақида Қонун қабул қилиниши натижасида корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари республика давлат тилида олиб бориладиган, нотариал ишлар, гражданлик ҳолатини қайд этувчи ҳужжатлар ҳамда турли шаҳодатномалар ўзбек тилида ёзиладиган бўлди. Яқин-яқинларгача ҳам ана шу масалалар бўйича ўзбек тилига менсимасдан қараш одат тусига кириб қолганди.

Бу хақда И.Каримов шундай фикрларни билдирдилар: ” Холбуки, бундан йигирма йил олдим оддийгина ариза ёки маълумотномани ҳам ўзбек тилида ёзишни имкони йўқ эди. Бугун бу хақда гапирсангиз, кўпчилик ёшларнинг ишониши қийин”.

Мустақиллик йилларида ўзбек тилини қўлланиш доирасининг кенгайтириб бориш имконлари янада ортиб бормоқда. Истиқлол йилларида илмий тадқиқот ишларини ўзбек тилида тақдим этиш, илмий ишларни химоя қилиш ва нашр қилиш ҳуқуқи таъминланди. Ўзбекистонда чиқадиган китоблар, газета ва журналлар, даврий хабарномалар, дарсликлар, ўқув қўлланмаларнинг асосан давлат тилида нашр этилиши, телевидение кўрсатувлари ва радиоэшиттиришлар ўзбек тилида олиб борилиши халқимизнинг маданий-маънавий савиясини юксалтириш, миллий онгини ўстиришда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиб келмоқда.

Миллий ғуруримизни ўстиришда ҳамда миллий қадриятларимизга ҳурмат билан қарашни таъминлашда тил ҳақидаги Қонуннинг, Ўзбекистонда давлат тилига ва бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланади, деган қатъий талаби муҳим аҳамият касб этади. Қонунда белгилаб қўйилганидек, мансабдор шахсларнинг республика давлат тилини билмасликни рўкач қилиб, таклифлар, аризалар ва шикоятларни олишдан ёки кўриб чиқишдан бош тортишлари манъ этилади, амалдаги қонунларда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон тили ўз ривожланишининг бир неча минг йиллик тарихи давомида ҳеч қачон бундай имкониятга эга бўлган эмас. Унинг ривожланиши, бир томондан, тилимизнинг ўз луғат фонди, ўзига хос имкониятлари ва миллий хусусиятлари, тараққиёт қонунлари билан белгиланса, иккинчи томондан, бошқа халқларнинг тили ва маданияти билан ўзаро яқинлашиш, ўзаро бир-бирини бойитиш асосида ривожланиб, бойиб боришига ҳам бевосита боғлиқир. Бошқа миллий тиллар сингари ўзбек тили ривожланишининг ҳам асосий йўлларидан бири-ўзаро яқинлашиш ва бири-бирини бойитишдир. Бу унинг ривожланиши учун янада кенг имкониятлар яратади. Ўзбек тилининг бошқа халқлар тиллар ва маданиятлари билан ўзаро алоқадорлиги учун тил ҳақидаги Қонун қабул қилингандан ва Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришилгандан кейин янги имкониятлар очилди.

Кўриниб турганидек давлат тили ҳақидаги Қонун ўзбек тили ва маданиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариши, унинг ҳуқуқий, ижтимоий, сиёсий, маданий, маънавий, ғоявий асосларини мустаҳкамлашни кўзда тутади.

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг асосий мақсадларидан бири шахснинг ҳар томонлама камолоти учун барча имкониятларни яратиб беришдир. Бу эса, авваламбор, ҳозирги замон фани, техникаси ва маданиятининг ҳамма ютуқларини эгаллашни тақозо этади. Бу вазифани ҳал этишда биргина она тилини билишнинг ўзи кифоя қилмайди. Дунёдаги бошқа халқлар ва миллатлар тилларини ҳам билиш ҳозир шахс камолоти, жамиятимиз тараққиётининг зурур омилига айланиб бормоқда.

Бошқа тилларни билиш-ҳар бир маълумотли кишининг кўркидир. Бу ўзга миллатлар тарихини, маънавий бойликларини, маданияти ва психологиясини янада чуқурроқ эгаллаб олиш учун хизмат қиладиган муҳим омилдир. Тил билган тақдирдагина миллатнинг руҳини, уни қадр-қимматини тушуниш ва баҳолаш мумкин. Кимки бошқа миллат ва халқлар тилини билса, у шу халқнинг дилини ҳам англайди. Халқлар ўртасида бирлик, аҳилллик, меҳр-оқибат ва ҳурмат тил ва маданиятни билиш билан бошланади.

Ғафур Ғуломнинг “Кўп тилни билишнинг хосияти” мақоласида айтилишича, “Ҳаётда биттагина тилни билган киши биттагина бўлиб қолаверади. Икки тилни билган киши икки киши, уч тилни билган киши уч киши ва ҳоказо дейиш мумкин...

Кўп тилни билиш ўзини маданий киши деб ҳисоблашни орзу қиладиган ҳар бир хушфаҳм ёш киши учун фарз. Ингилизча, немисча, французча ёки италянча билиш дунё маданияти хазинасига йўл очади. Шу тиллларни билмаслик илғор фан, техникани ўрганишда анча мушкуллик туғдиради.

Шекспирни, Байронни, Шиллерни, Флоберни, Гюгони, Гётени, Дидрони, Дантени оргиналда ўқий олиш. Бу катта фазилат-ку!

Фикримча, ёшларимизнинг кўп тил билиши уларнинг ахлоқига мусбат таъсир кўрсатади…”

Ўзбекистон Республикасида ҳозирги пайтда ёшлар мактабда ва олий ўқув юртларида рус, инглиз, немис, француз, испан тиллари билан бир қаторда бизга қадимдан маданияти, дини, тарихи ва урф-одатлари яқин бўлган Шарқ халқлари тилларини ҳам ката қизиқиш билан ўрганмоқдалар. Араб, форс, ҳинд, хитой тилларини билиш Эрон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Хитой сингари дунёнинг бир неча миллиард аҳоли яшайдиган малакатлар билан муносабатимизни яқинлаштириш ва яхшилашга сабаб бўлади. Ана шу ниятимизга эришсак, аксарият қисми араб ва форс тилларида ёзилган қадимий қўлёзмаларимизни бемалол ўқиб-ўрганадиган етук мутахассисларга эга бўламиз.

Жаҳон фани ва маданиятининг бебаҳо хазиналаридан баҳраманд бўлиш ўзбек халқи тили ва маданиятини ривожлантириш, миллий қадриятларимизни умуминсоний қадриятлар негизида кучайтиришда беқиёс ўрин тутади. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон давлат мустақиллигининг иқтисодий, сиёсий, маданий-маънавий асослари мустаҳкамланишида ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Тил ҳақидаги Қонунда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган бошқа миллат ва эллатлар вакиллариниг давлат тилига катта ҳурмат ва эътибор билан қарашлари, ўзбек тилини ўрганишлари зарурлиги алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон-кўп миллатли республикадир. Ана шу тарихий заминда-Ўзбекистонда ўзбеклардан ташқари 130 дан ортиқ бошқа миллат вакилари ҳам истиқомат қилишади. Ўзбекистон аҳолисининг таркибида руслар, қозон ва қрим татарлари, қозоқлар, тожиклар, қорақалпоқлар, корейслар, қирғизлар, украинлар, яҳудийлар, туркманлар, уйғурлар, озарбайжнлар ва бошқа миллат ва элат вакиллари бор. Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, Ўзбекистондаги татарлар, қозоқлар, қорақалпоқлар, қирғизлар, туркманлар, озарбайжонлар ўзбек тилини анча-мунча биладилар, чунки бу тиллар билан ўзбек тили бир ўзакдан тарақалган қардош тиллардир. Жумҳуриятимизда яшовчи уйғурлар, турклар ҳам ўзбек тилини биладилар. Тожиклар ҳам ўзбек тилини биладилар. Ҳозир Ўзбекистонда яшаётган қардош халқлар ва миллатлар вакилларининг ўзбек халқи тили, тарихи, маданияти, анъаналарини, жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган буюк улушини ўрганишлари учун қулай имконият ва шарт-шароитлар яратиляпти.

Ўзбекистон Республикасида эндиликда ўзбек тили давлат тили сифатида мактабгача тарбия муассасаларида, умумтаълим мактабларида, техникум ва олий ўқув юртларида ўқитила бошлади. У асосий ўқиш предметларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда ўзбек тили давлат тили сифатида ўқитилмаса ва ўрганилмаса, муассаса ва корхона, ташкилот ва бирлашмаларда, халқ таълимида, маданият ва соғлиқни сақлаш, савдо ва маиший хизмат кўрсатишда, алоқа, транспорт ва бошқа соҳаларда иш шу тилда олиб борилмаса, тил ҳақида қонун ҳурмат қилинмаган бўлади. Бундай бўлишига ҳеч қачон йўл қўйилмайди.

Ўзбек тилига давлат мақоми берилганлиги бошқа миллат ва миллий тил соҳибларининг Конституциямизда белгиланган ҳуқуқларини заррача камситайди. 13-моддада айтилишича, “Ўзбекистон ўз ҳудудида республика давлат тилида, шунингдек, рус, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман тилларида ҳамма республикада зич яшайдиган бошқа миллатларнинг тилларида умумий ўрта маълумот олишни таъминлайди”

Ўзбекситонда туб аҳолидан ташқари қанча милат ва элатлар яшамасин, барибир, улар ўзбеклар билан тенг ҳуқуқлидир. Бизнинг она заминимизда истиқомат қилиб жумҳуриятимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий,

маданий-маънавий тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган ўзга миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинади, уларнинг ривожланиши учун шароит яратилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида бу ҳақд айтилган.

Тил ҳақидаги Қонунда Ўзбекистонда яшовчи барча миллатлар миллий-маданий жамиятлар ва марказлар тузиш ҳуқуқига эгадирлар, деб ёзилган. Ўзаро дўстлик, биродарлик, миллий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда, миллий қадриятларимизнинг умумиллий, умуминсоний қадриятлар ютуқлари асосда бойиб ва такомиллашиб боришида Қонунда айтиб ўтилган ва белгилаб қўйилган ана шу қоиданинг аҳамияти бебаҳодир.

Ўзбекистоннинг кўпгина вилоятлари, туманлари, қишлоқларида қозоқ ва қирғизлар, тожик ва туркманлар истиқомат қилишади. Бизнинг маданиятларимиз, урф-одат ва анъаналаримиз бир чашмадан сув ичади. Улар билан бўлган азалий дўстлигимизнинг тарихий илдизлари бир. Дунёда ўзбеклар билан тожик, қирғиз, қозоқларни ажратадиган куч йўқ. “Дўстлик бизларнинг ҳаётимиздир, бахтимиздир, истиқболимиздир. Биз бир қориндан талашиб чиққан халқларнинг вакилларимиз. Бизнинг тилимиз бир ерда вояга етган, қозоқ онасининг айтган алласига ўзбек боласи ухлаган. Ўзбеклар тожиклар билан бир ҳовлида яшаб келганлар. Навоийни туркманлар худди ўзбеклардай яхши кўрадилар, қирғизнинг тўйи ўзбексиз ўтмаган. Бизнинг халқларимиз бир-биридан қиз олиб, қиз бериб қуда-анда бўлиб келганлар. Бизнинг боболаримизнинг қабрлари бир-бирига яқин қўйилган. Бизнинг чўпонларимиз айни тоғлардан қўй ҳайдаганлар. Бизнинг аждодларимиз бир мадрасада ўқиганлар. Бизнинг боболаримиз бир-бирига китоб ёзганлар... Ўзбек халқининг буюк эътиқоди шу”.

Бизнинг ҳаммамиз бир дарёдан сув ичганмиз, ташқи душманларга қарши биргаликда курашганимиз, давлат мустақиллигига деярли бир вақтда эришганмиз. Миллий истиқлол туфайли ҳозирги пайтда ягона бир иқтисодий минтақада яшаб турибмиз. Буларнинг ҳаммаси иқтисодий, маданий, сиёсий тараққиётимизга ижобий таъсир кўрсатаяпти.

Ўзбекистон давлат мустақиллиги ўзбеклар билан қардош халқлар ўртасидаги қадимий дўстликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда янги тарихий босқичдир. Бу масалада ўзбек тилининг ривожланиши ва тикланишига янги истиқбол йўлларини очиб берган давлат тили ҳақидаги тарихий Қонун катта ўрин тутади.

Milliy g’oyani O’zbekiston xalqi маданияти bilan bog’liqligi va o’zaro mushtarakligi shunda ko’rinadiki xалқимиз маданий мероси, анъаналари, урф-одатлари бизлар учун фақат ўтмишдан қолиб келаётган ёдгорликкина эмас, барча маънавий бойликларнинг таркибий қисми, инсон ақл-идоки ва тафаккурининг буюк ютуғи ҳамдир. Дарахт ўз илдизлари билан заминдан сув, озиқ-овқат олиб вояга етганидек, инсон ҳам авлод-аждодларидан қолиб келаётган бебаҳо бойликлардан руҳий озиқ, куч-қувват олади, уларга таянади. Ҳар бир миллат ва элат аждодлари билим бойликларидан, тажриба ва тарихий сабоқларидан, обод-ахлоқ, таълим-тарбияга оид ўгитлари ва йўл-йўриқларидан фойдаланади, буларсиз яшай олмайди.

Ўтмишга, маданий меросга ҳурмат-бу, биринчи галда, унинг яратувчиси, кўз қорачиғидек авайлаб-асровчи ва ривожлантирувчиси бўлган халқ оммасига кўрсатилган иззат-икром, меҳр-оқибатдир. Ўзининг ўтмиш тарихига, маданиятига, тарихий меросига, миллий анъаналарига катта эътибор ва ҳурмат билан қарайдиган халқнинг истиқболи порлоқ бўлади. Ўтмишдошларимизга бизлар қандай муносабатда бўлсак, насл-насабимиз ҳам бизларга худди шундай жавоб қайтаришади. Ўтмишимизни қанчалик яхши билсак ва эъзозласак, ҳозирги даврни, мустақиллигимиз истиқболи ва аҳамиятини шунчалик чуқур ва мукаммал тушунамиз.

Халқимизнинг маданий-маънавий бойликлари ва миллий қадриятларини тўла, оқилона эгаллаш ва ривожлантириш ҳозирги авлоднинг вазифасидир. Гап ўтмиш маданий-маънавий бойликларига эга бўлишдагина эмас, балки уни чуқур эгаллаб, янги юксак босқичга кўтара билишдадир.

Тоталитар, маъмурий-буйруқбозлик йилларида халқимиз ўтмишига ҳадеб тош отиш, уни буткул қоралаш совет мафкурасига хос ҳолат эди. Бу ашаддий маданиятсизлик ва сиёсий калтабинлик, одоб-ахлоқсизликдан бошқа нарса эмас эди. Буни бошқача таърифлаб ҳам, тавсифлаб ҳам бўлмайди. Юртбошимиз айтганларидек, баъзи бир бўш-баёв, сиёсий иродадан маҳрум бўлган, ўз халқи ор-номуси, қадр-қиммати ва ғурурини ҳимоя қилишга журъат эта билмаган маҳаллий раҳбарлар амал пиллапоясидан кўтарилишга умидвор бўлиб, ўз авлод-аждодларининг урф-одатлари ва маънавий қадриятларини менсимадилар. Халқнинг урф-одатлари, анъаналари, маданиятини обдон оёқ ости қилинишига йўл қўйиб бердилар ва ўзлари бунга ҳаттоки бош-қош ҳам бўлдилар.

Milliy g’oyani O’zbekiston xalqi tarixi, ruxiyati negizlari bilan bog’liqligi va o’zaro mushtarakligi shundan dalolat beradiki iнсоният тарихи - ғоялар тарихидир, дейишади. Дарҳақиқат, инсониятнинг тарихий тараққиёти давомидаги барча йирик воқеа-ҳодисаларнинг таг-замирида у ёки бу ғоя ётади. Энг буюк кашфиётлар ёки туб социал ўзгаришлар аввало улар ҳақидаги орзу-ниятлардан, интилишлардан бошланган. Муайян ижтимоий гуруҳ, қатлам, миллат, халқ, давлат ёки жамиятнинг эҳтиёжларини, мақсад-мудаоларни, орзу-интилишларин ўзида мужассам этувчи ғоялар тизими сифатида намоён бўладиган мафкура - истиқболнинг яратувчисидир. Кеча орзу-ният бўлган миллий давлатимизнинг бугун биз учун шаън ва ифтихорга айланганлиги бунинг яққол мисолидир.





Дата публикования: 2014-11-04; Прочитано: 721 | Нарушение авторского права страницы | Мы поможем в написании вашей работы!



studopedia.org - Студопедия.Орг - 2014-2024 год. Студопедия не является автором материалов, которые размещены. Но предоставляет возможность бесплатного использования (0.014 с)...