Студопедия.Орг Главная | Случайная страница | Контакты | Мы поможем в написании вашей работы!  
 

Va tarixiy asoslari. 3 страница



Дарҳақиқат, «Қадимийликда Мисрликлардан қолишмайди»ган (Помпей Трог) халқимизнинг маданий мероси ва миллий маънавий қадриятлари ҳамиша жаҳондаги кўпчилик олимларнинг диққат эътиборини тортиб келган. Бунинг асосий сабаби - биз хақиқатан ҳам улкан ва бой маданий-маънавий меросга эгалигимиздадир. Шунинг учун ҳам, турли тарихий даврларда дунёдаги ҳар хил олим-мутахассислар ўтмиш меросимизни ўрганишга катта қизиқиш билан қарашган. Айниқса, мустақилликка эришганимиздан сўнг бу жараён янада кучаймоқда. Шу тариқа тарихимиз, миллий маданиятимиз турлича нуқтаи назарлардан туриб, ҳар хил талқин қилинган кўплаб манбалар юзага келган. Бироқ, бу ўринда, ушбу манбаларнинг аксариятида халқимизнинг ўтмиши (қолаверса, бугуни ҳам) ва маданияти ҳамиша ҳам тўлиқ ёритилиб, объектив баҳоланмаганлигини таъкидлаш жоиз. Яъни, ижтимоий-фалсафий фикрлар ривожида бутун Шарқ халқлари, шу жумладан ўзбек халқи маданий тараққиётини камситиб, ерга урган «Оврупамарказчилар», Шарқ маданиятини маълум маънода идеаллаштирган «Осиёмарказчилар» ҳам, шунингдек, дунёнинг турли жойларида муайян мақсад-муддаоларни кўзлаб тарихимизни ёзган бошқа айрим олимлар ёки ўтмишимизни сохталаштирган мустамлакачи шўролар замонидаги фанлар ҳам миллий маданий-маънавий меросимизни кўп ҳолларда тўлиқ ва холис ёритмаган. Бу хусусда Президентимиз И.А.Каримов айтганидек, «Хулоса шуки, олис-олис жойларда халқимиз, мамлакатимиз ўтмиши ҳақида айтилаётган мулоҳазаларнинг аксарият қисми сохта, ғайриилмийдир»[3]. Бу борадаги ишлар фақат мустақиллик йилларида тўғри изга тушди. Президентимиз И.А.Каримов ташаббуси ва раҳбарлигида халқимиз тарихий меросини тиклаш бўйича бениҳоя улкан ишлар амалга оширилди. Ўтмиш меросимизга мустамлакачилик даврларидаги ғайриилмий мафкуравий ёндошувларга барҳам берилди. Зеро, халқимизнинг бой ўтмиш маданий мероси ва миллий маънавий қадриятлари кишиларимиз онги ва қалбида миллий ғояни шакллантириб, ривожлантиришнинг ғоят муҳим манбаидир.

Маданий мерос - ҳар бир халқнинг аждодлари томонидан яратилиб, авлодлари ҳаётида янада ривожланиб борувчи моддий ва маънавий бойликлар мажмуидир. «Ҳар бир давр ва авлод ўзига хос маданий мерос яратади. Маданий меросга қараб давр ва авлодлар ҳақида ҳукм чиқарилади. Маданий мерос қандай бўлса, давр ва авлодлар ҳам шундай»[4] бўлади. Шу боис маданий мероснинг инсон, миллат, жамият ҳаётидаги ўрни, аҳамияти ва қадри, уларга нисбатан муносабатлар билан боғлиқ бўлиб, бу мерос ҳар бир авлод томонидан ривожлантирилиб, бойитиб борилса, миллатнинг келгуси тараққиёти юксалиб бориши; унутилиб ёки йўқ қилиб юборилса, миллий маданият, бинобарин миллат ҳам барҳам топиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, миллий ғояни шакллантиришда маданий мероснинг ўрни кишиларимизнинг бу меросга нисбатан муносабатлари билан белгиланади. Чунончи, шўролар замонида мустамлакачилик манфаат ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, маданий меросга ғоявий-мафкуравий нуқтаи назардан ёндошишга, бутун тарихимизни сохта мафкуравий мезонлар асосида баҳолашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтмиш меросимизга объектив ёндошиш ўша даврдаги компартиянинг мафкуравий манфаат ва мақсадларига мос келмас эди. Чунки буюк ва бой ўтмишга эга бўлган халқни ундан ажратиб, тарихий хотирасини сўндирибгина пуч ғояларга ишонтириш ва эргаштириш мумкин бўларди. Шунинг учун мустамлакачилик тузими тарихимизни ўз манфаатларига мос келадиган тарзда, сохталаштириб, қайта ёзиб, ундан мафкуравий мақсадларда фойдаланиш йўлини тутган.

Шунинг учун ҳам мустақиллик йиллари халқимизнинг ўзлигини ўйғотиб, руҳий-маънавий юксалтириш ва миллий тараққиётимизни таъминлаш учун ўтмиш меросимизни тиклаш ва ривожлантириш мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Эндиликда улуғ аждодларимиз яратиб қолдирган ғоят бой ва ранг-баранг моддий ҳамда маънавий мерослар тикланиб, халқимиз ҳаётига янги мазмун бахш этмоқда. Хусусан:

-халқимизнинг ўтмиш ҳаёти, миллий онги, маданияти ва тафаккури акс этган «Авесто», «Ўрхун-Енисей битиклари», «Қутадғи билиг», «Девону-луғатит турк», «Ҳиббатул ҳақойиқ», «Девони ҳикмат», «Темур тузуклари», Алишер Навоийнинг 20 жилдлик тўла асарлари тўплами, «Бобурнома», «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» сингари маънавий меросимизнинг кўплаб дурдоналари, «Алпомиш», «Гурўғли», «Равшан», «Авазхон» каби ўнлаб достонлар ҳамда турли эртаклар, мақоллар, маталлар, латифа, қизиқчилик асарларидан иборат халқ оғзаки ва ёзма ижодиётининг юксак намуналари;

-ўз даврларида барча илм соҳаларини беқиёс ривожлантириб, жаҳон илм-фани, маданияти ва тафаккури тараққиётига катта ҳисса қўшган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Имом Мотуридий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Аҳмад Яссавий, Бурхониддин Марғиноний, Баҳовуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур, Машраб, Абдулла Қодирий ва бошқа буюк алломаларимиз яратган бой илмий, фалсафий мерос;

-аждодларимизнинг юксак бадиий диди ва маҳоратлари билан яратилган ҳунармандчилик, амалий ва тасвирий санъат асарлари, рақслар, куй-қўшиқлар, теран миллий қадриятлар, урф-одат, анъаналар;

-ўз ҳаётларини юрт озодлиги ва халқ фаровонлиги учун курашга бағишлаган Тўмарис, Широқ, Спитамен, Муқанна, Нажмиддин Кубро, Темур Малик, Маҳмуд Таробий, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Дукчи (Мадали) Эшон, Номоз ботир каби миллий қаҳрамонларимиз ҳақидаги асл ҳақиқатлар;

-дунё меъморчилик санъатининг ўзига хос юксак кўринишини акс эттирган Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Тошкент, Фарғона водийси ва бошқа ҳудудлардаги ноёб тарихий ёдгорликлар, янгидан бунёд этилаётган хотира обидалари ҳамда моддий маданиятимизнинг яна кўплаб нодир намуналари қайта тикланиб, янги босқичларда ривожланмоқда. Улар биз учун фақат ўтмишдан қолган ёдгорликларгина эмас, балки аждодларимизнинг меҳнати, ақл-идроки ва тафаккурининг улкан ютуғи, бебаҳо бойлигимиз, маънавиятимиз ва миллий мафкурамиз шаклланишининг битмас манбаи ҳамдир.

Шунга кўра, ўз тараққиётида жуда қадимий илдизларга эга:

- она тилимиз ва у билан боғлиқ оғзаки ва ёзма ижодиётимиз намуналари – адабий меросни;

- жаҳон илм-фани ва тафаккури тараққиёти тарихида катта ўрин тутувчи илмий, фалсафий меросни;

- турли тарихий даврларда яратилган моддий маданиятимизнинг нодир намуналари, яъни моддий меросни;

- халқимизнинг руҳий-маънавий тараққиётида муҳим аҳамиятга эга диний қадриятларни;

- кўп асрлар давомида шаклланиб, мустақиллик йиллари янги босқичларда ривожланаётган юксак миллий урф-одат, анъаналарни ҳамда маънавий маданиятимизни кишиларимиз томонидан чуқур ўрганиб, ўзлаштириши миллий ғоя ва мафкуранинг ривожланишида ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кўп миллатли Ўзбекистон давлатининг юксак тараққиёт босқичларига эришишидан бу ерда яшаётган кишиларнинг ҳаммаси манфаатдордир. Шунинг учун мамлакатимизнинг ҳам моддий-иқтисодий, ҳам руҳий-маънавий жиҳатдан қандай ривожланишини шу ерни ватан қилган барча халқ ва этник бирликларнинг, хусусан ўзбек халқининг маънавий-маърифий даражаси, интеллектуал салоҳияти белгилайди. Яъни, Ўзбекистоннинг бугунги ва келгуси тараққиёти, кўп жиҳатдан, ўзбек халқининг маънавий-интеллектуал салоҳиятига боғлиқ бўлиб, бунга эса, аввало, миллий маънавий-маданий меросни, юксак умуминсоний қадриятларни, замонавий илм-фан ва техника ютуқларини чуқур ўрганиб, ўзлаштириш орқали, янги қадриятларни яратибгина эришиш мумкин. Бинобарин, Ўзбекистонда яшаётган халқларнинг ҳамиша фаровон турмуш кечиришлари учун минг йиллар давомида бу ерда яратилган моддий ва маънавий маданиятни; тарих, тил, миллий қадриятларни барча фуқароларимиз томонидан кенг ўрганиб, ўзлаштириш, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиб, янада ривожлантириш зарур.

Чунончи, кўпгина журналист, ёзувчи, олимларимизнинг фикрича, шу ерда туғилиб ўсиб, яшаб келаётган турли миллат ва этник бирликларга, шу жумладан ўзбек миллатига ҳам мансуб айрим фуқароларимизнинг миллий маданият ва қадриятларни ўзлаштириш нари турсин, таассуфки, ҳамон ўзбек тилини ҳам билмаслиги, уни ўрганишга интилмаслиги, уларнинг ўзи туғилиб ўсган ва авлодлари ҳам давру-даврон суриб ўтадиган юртни, умрини яшаб бўлгач, ҳоки қўйиладиган шу муқаддас заминни, ундаги асрлар давомида шаклланган маданият ва халқни назарига илмай, беҳурмат қилишдан, мустабид мустамлакачилик даврларидаги каби, миллий ғурурни оёқости қилишдан бошқа нарса эмас. Зеро, Ватанга, унда яшаётган халққа ҳурмат унинг тили, маданияти, миллий маънавий қадриятларига муносабатда билинади.

Тўғрисини айтганда, қандай миллат ёки ирққа мансублигидан, ёки ким бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистонда туғилиб, шу ерда яшаётган ҳар қандай кишининг ўзбек тилини билмаслиги, бу тилни билиш шарт эмас деб ўйлаши, нафақат ўзбек халқини, умуман, турли-туман миллат ва динларга мансуб 27 миллион аҳоли яшаётган Ўзбекистон мамлакатига беҳурматлик, унинг шаънини назар-писанд қилмасликдир, ўзбек халқи маданиятини, ғурурини оёқости қилишдир. Айниқса, Президентимиз И.Каримов алоҳида таъкидлаб айтганидек, «Ўз фикрини мутлақо мустақил, она тилида равон, гўзал ва лўнда ифода эта олмайдиган мутахассисни, авваламбор, раҳбар курсисида ўтирганларни бугун тушуниш ҳам, оқлаш ҳам қийин»[5].

Умуман, ўзбек тилига муносабатлардаги қусурларнинг муайян ижтимоий сабаблари бор. Назаримизда бу сабабларнинг энг биринчи ва асосийси бизнинг ўзимизда, яъни ўз миллатимиз кишиларининг она тилимизга нисбатан муносабатларидаги лоқайдлигимиздадир. Бу муносабатлар реал объектив ва субъектив асосларга эга бўлиб, аввало, жамиятимизда яшаётган кишиларнинг тилга бўлган аниқ ҳаётий эҳтиёжларини қондириш борасида ўзбек тилининг аҳамиятига эътиборнинг камлиги - пастлигидир. Масалан, қандай миллатга мансуб бўлишидан қатъий назар, ҳозир Ўзбекистонда ўзбек тилини умуман билмасдан туриб ҳам, аксарият соҳаларда, ҳатто давлат идораларидаги катта мансабларда ҳам ишлаб, тўкин-сочинликда фаровон турмуш кечириш, жамиятда яхши обрў-эътиборга ҳам эга бўлиб яшайвериш мумкин деган қараш сақланиб қолмоқда. Яъни, юртимизда ҳар қандай кишининг яхши яшаши учун, ҳатто ўзбек миллатига мансуб киши ҳам, амалда ўзбек тилини ёки халқимиз тарихи ва маданиятини билиш шарт эмас, фақат хорижий тиллардан биронтасини, масалан, инглиз ёки немис тилини билса кифоя, деган кайфият мавжуд. Умуман олганда, бу ҳол жамиятимиз тараққиёти учун унчалик катта хавф эмасдек туюлиши мумкин. Аммо, бу - тилимизнинг турмушдаги аҳамиятининг паст бўлиши миллатимиз, миллийлигимиз учун ниҳоятда катта хавф, миллий маданий тараққиётимиз йўлидаги реал таҳдиддир. Она тилимизнинг турмушдаги аҳамиятининг пастлиги ва шу туфайли келиб чиқадиган ижтимоий оқибатлар жамиятимизда юз бериши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай маънавий-маданий ёки ғоявий-сиёсий инқирозларникидан кўра ҳалоқатлироқ бўлиши мумкин. Чунки, тил - миллат, миллийлик мавжудлигининг шарти. Миллат ижтимоий-маънавий ривожланишининг асосидир.

Инсоннинг оламни (бу ўринда, ижтимоий маънавий борлиқни) билиш жараёнида пайдо бўладиган тушунчалари миллий тилда рўёбга чиқади, унда ифодаланади. Ҳар бир инсоннинг миллий маданият, қадрият, урф-одат, анъаналарни билиши, уларнинг ижтимоий-маънавий моҳияти ва аҳамиятини чуқур тушуниб, англаши учун миллий тилни билиш тақозо қилинади. Зеро, тил - миллатнинг, инсоннинг қалби, дейишади мутафаккирлар. “Маълумки, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади, - дейди Президентимиз И.Каримов. - Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир”.[6] Шу боис инсонни, у мансуб миллатнинг қалбини, маънавиятини билиш учун унинг тилини ўрганиш лозим. Бинобарин миллатга, миллийликка эътибор ҳам, ҳурмат ҳам унинг тилини билишдан бошланади.

Фанларда тўлиқ исботланганидек, тил – онгнинг ифодаланиш шакли бўлсада, у миллий онг тараққиётига жуда катта, баъзан эса, ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. Хусусан, бу ҳол инсонлардаги маънавий-руҳий хусусиятларнинг миллий характердалиги назарда тутилса, аниқ-равшан кўринади. Масалан, ўз миллий тилини билмайдиган одамда шу миллатга хос миллий онг ҳам шаклланиб, ривожланмайди. Миллий онг ва тафаккурсиз эса миллий ғоя ва мафкура бўлмайди. Бинобарин, миллий ғоянинг шаклланишида тилни билиш, уни ҳурматлаш ва қадрлаш ғоят муҳим ўрин тутади. Шунинг учун ўзбек тилини билмаган, уни ҳурмат қилмаган кишининг қалби ва онгида миллий ғоя шаклланиши даргумон.

Шу нуқтаи назардан, халқимизнинг миллий тикланиш ва мамлакатимизнинг мустақилликка эришиш йўлидаги дастлабки қадамлар айнан ўзбек тилини тиклаш, унинг ижтимоий мавқеини ошириш учун курашдан бошлангани бежиз эмас. Зотан, миллат маънавий-маданий меросининг ўзлаштирилиши ва миллий ғоянинг қай тариқа ривожланишида миллий тил асосий омиллардан бири бўлиб ҳисобланади.

Бу борада мустабид тузум даврларида тилимизга нисбатан олиб борилган мустамлакачилик сиёсатининг фожеали оқибатларини бартараф қилинаётганлиги, ўзбек тилининг мустақил мамлакатимиз ҳаётидаги ўрни Конституцияда алоҳида белгилаб қўйилиши (4-модда) ва Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниб (1989 й.), унга жамиятимиз тараққиёти талабларидан келиб чиқиб зарур ўзгартиришлар киритилгани (1998 й.), айниқса, она тилимизнинг табиий имкониятларини тўла тиклаш мақсадида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг жорий этилиши ва бошқа шулар каби кўп ишлар, ҳеч шубҳасиз, халқимиз ижтимоий-маънавий ҳаёти ва маданиятининг бугунги ва истиқболдаги тараққиёти учун жуда катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Маълумки, сўнгги бир аср мобайнида тилимиздаги ёзув - алифбо тўрт марта ўзгартирилди. Баъзи олимлар ўзбек тилига нисбатан муносабатлардаги иллат - қусурларнинг асосий субъектив сабаблари сифатида худди шу ҳолатни кўрсатишади. Бундай қарашлар, хусусан ҳозирги шарт-шароитлардан келиб чиқилса, кўп жиҳатдан тўғридек. Яъни, ҳақиқатан ҳам, тилимизда алифбонинг ўзгартирилиши халқимиз ҳаётида сўнгги йилларда юзага келган моддий-иқтисодий қийинчиликларни ҳамда бу ҳолнинг илм-фан, адабиёт, санъат ва маданиятимиздаги ворисликка кўрсатадиган катта салбий таъсири назарда тутилса, маълум маънода асослидир. Аммо, ёзувимиздаги бу ўзгаришнинг келгусидаги миллий тараққиётимиз учун аҳамиятини эътиборга олсак, унчалик тўғри эмас. Чунки:

1. Халқимиз узоқ йиллар мустамлакачилик остида яшади. Бу шароитда ҳатто тилимиз ҳам мустақил эмас эди. Маълумки, мустақил бўлмай туриб, ҳеч қандай миллий тил ривожлана олмайди. Шунинг учун ёзувимиздаги ўзгариш, аввало тилимизнинг тўла мустақил бўлишига, эркин ривожланишига имкон беради. Зеро, ёзув тилнинг мустақиллигига, тилнинг мустақиллиги эса миллатнинг тараққиётига хизмат қилади.

2. Мустамлакачилик даврида ёзувимизда қўлланилган кирилл алифбоси она тилимизнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, унинг тараққиёт имкониятларини чеклаб қўйганлиги ва янги алифбо ёрдамида бу иллат бартараф этилганлиги мутахассис-олимлар томонидан тўла исботланган. Шунинг учун, энди ёзувимиздаги ушбу ўзгариш билан она тилимизнинг эркин ривожланиши учун йўл очилади.

3. Янги алифбодаги ёзувга ўтиш мамлакатимизнинг халқаро муносабатлари учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, у халқимизнинг жаҳон ҳамжамиятига, дунё илм-фани ва маданияти билан интеграциялашувига кенг имкониятлар яратади.

4. Янги алифбони жорий этилишининг энг муҳим жиҳати яна мустақиллик билан боғлиқ бўлиб, она тилимизнинг эркин ривожланиб, жамиятимиздаги ижтимоий мавқеини ошириш муаммоси амалда шу ўзгариш туфайли ижобий ҳал бўлади. Яъни, башарти ёзувимизда аввалгидек, кирилл алфавити сақланиб қолаверганида, тилимиз ҳеч қачон эркин ривожлана олмаслигидан ташқари, фуқароларимизнинг бу тилга нисбатан лоқайд, бефарқ муносабатлари ҳам ҳали-ҳамон ўзгармас эди. Шундай қилиб, маданий мерос билан бевосита боғлиқ ўзбек тили ва унинг мустақил тараққиёти халқимизда миллий ғоя ва мафкурани шакллантиришнинг муҳим омилидир. Айни пайтда, кишиларимиз онги ва қалбида миллий ғоя ва мафкурани ривожлантиришда она тилимиз билан боғлиқ оғзаки ва ёзма ижодиётимиз намуналари ҳам катта ўрин тутади.

Тадқиқотчи олимларнинг ёзишларича, турли хил эртак, ривоятлар, достонлар, мақол-маталлар шаклида бизгача етиб келган оғзаки ва ёзма ижодиётимизнинг илк намуналари аждодларимиз томонидан жуда қадим замонлардаёқ яратила бошланган. Уларда ўтмиш аждодларимизнинг теран ижтимоий-фалсафий, бадиий, маънавий-ахлоқий, сиёсий, хуқуқий ва бошқа қарашлари акс этган. Боболаримизнинг маданияти, онги, тафаккур савияси, турмуш тарзи, турли даврлардаги аҳвол-руҳияси, умид, орзу-интилишлари ўз ифодасини топган. Манбалардан маълум бўлмоқдаки, тарихимизнинг турли даврларида яшаб ўтган аждодларимиз, ўз даврлари даражасида, ҳамиша бой маънавиятга, юксак онг ва тафаккурга, мустаҳкам ишонч-эътиқодга, теран билим, салоҳиятга, ирсий қобилиятга эга бўлишган. Улар миллий - умуминсоний қадриятлар яратишда, илму-урфонда, санъат ва адабиётда, давлат ва жамият қуришда, хўжалик юритишда, шаҳарлар бунёд этишда, касб-ҳунарда, ҳарбу-зарбда илғор бўлишган. Боболаримиз меҳнат-машаққатларга чидамли, авлод-аждодларига садоқатли, тинчликсевар, ватанпарвар, миллатпарвар, ор-номусли, ғурур-ифтихорли бўлишган. Шу тариқа миллатни, ўзига хос миллий маданиятни, миллий ғоя ва мафкурани шакллантиришган, миллий ғуруримизнинг асосларини барпо қилишган. Шунинг учун, Президентимиз И.А.Каримов айтганларидек, «Биз бошқаларни камситиш ниятидан йироқмиз. Аммо бугунги айрим салтанатлар аҳли қабила-қабила бўлиб яшаган замонларда бизнинг муборак заминимизда илму-фан барқ уриб яшнагани, табиий илмлар, хусусан, тиббиёт, математика, астрономия каби фанлар мадрасаларда ўқитилгани, илмий академиялар ташкил этилиб, Мағрибу Машриққа ном таратганини эсласак ва бундан ҳар қанча ғурурлансак арзийди»1.

Мустақиллигимиз туфайли асл ҳолида тикланиб ҳаётимизга қайтарилаётган ноёб ва бебаҳо халқ оғзаки ҳамда ёзма ижодиётимиз намуналари «Алпомиш», «Гурўғли», «Равшан», «Авазхон», «Ойсулув», «Қирққиз» каби қатор достонлар, бадиий адабиётимизнинг бошқа кўплаб намуналари, турли хил эртаклар, мақоллар, маталлар, термалар, латифа ва қизиқчилик, фольклор асарлари эндиликда халқимиз ижтимоий-маънавий ҳаётига янги мазмун бахш этмоқда. Истиқлол йиллари бундай меросларимизни ҳар томонлама ўрганиб, янги босқичларда ривожлантириш ва улардан жамиятимиз эҳтиёжлари йўлида кенг фойдаланиш энг муҳим вазифалардан бўлиб қолди. Хусусан, ўтмиш маънавий меросимиз ичида алоҳида ўрин тутувчи халқ достонлари бугунги кунда ғоявий-мафкуравий тарбияда жуда катта аҳамиятга эга.

Умуман, ноёб халқ достонларимизнинг тикланиб, ҳаётимизга қайтиши халқимиз миллий маънавий уйғонишининг, ўз-ўзини англаши ва миллий мафкурасига эга бўлишининг рамзидир.

Истиқлол йиллари бадиий меросимизнинг муҳим қисми бўлмиш достонларимиз ва бахшичилик санъати янгидан тикланмоқда. Эндиликда радио ва телевидиниеда, турли матбуот нашрларимизда бу санъат тури тез-тез намойиш қилиниб, мунтазам тарғиб этилмоқда. Бу соҳани ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, ривожлантириш учун мамлакатимизда турли даражаларда ҳар хил тадбирлар ўтказилмоқда, бу соҳада хизмат қилаётган бахши - ижрочилар, тадқиқотчи, олимлар рағбатлантирилиб, улар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Айниқса, достонларимизни асл ҳолида тўлиқ нашр этилаётганлиги, уларнинг миллий маънавий тараққиётимиз учун аҳамиятини чуқур тушуниб етган жонкуяр юртбоши ва зиёлиларимизнинг амалга ошираётган кенг кўламли ишлари таҳсинга сазовордир. Бу ишларнинг барчаси ғоявий-мафкуравий тарбия жараёнига катта ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.

Маълумки, ҳар қандай миллатнинг руҳий-маънавий камолотини мавжуд маданий мерос ва миллий маънавий қадриятларнинг ўзлаштирилиш даражаси белгилайди. Бинобарин, кишиларнинг муайян маданият ва қадриятларга бўлган эҳтиёж, манфаат, интилишлари, уларни англаб, ўзлаштириш имкониятлари миллатнинг руҳий-маънавий савиясини, дунёқараши, эстетик диди, ахлоқий меъёрларининг муҳим кўрсаткичидир.

Шу нуқтаи назардан, достонларимиз ва уларни ижро этиш билан боғлиқ бахшилик санъати миллий маданиятимизнинг ғоят ноёб ҳамда юксак намунаси ва даражаси ҳисобланади. Шунинг учун достонларимизни англаб, ўзлаштириш ёки уларга бўлган қизиқиш ва интилишлар кишиларимизнинг маънавий-маърифий камолотида, миллий мафкурасининг шаклланиб, ривожланишида муҳим ўрин тутади.

Достончиликнинг миллий камолотга қанчалик таъсир этиши достонлар мазмуни ва ижрочи бахшилар санъати билан уларни ўқувчи ёки тингловчиларнинг маданий савияси ўртасидаги уйғунликка боғлиқ. Таассуфки, ҳозирги вақтларда ҳам кўпгина кишиларимизнинг достончиликка бўлган муносабатларида миллат билан миллий маданият ўртасидаги шундай бир ғайримантиқий ҳолат кузатилади: кўпчилик кишиларимиз, айниқса ёшларимиз ўзига хос табиий овозларда айтиладиган достон ёки классик қўшиқларимизни эмас, кўпроқ турли аппаратлар ва мусиқа асбоблари ёрдамида ижро этилаётган куй-қўшиқларни эшитишни хуш кўришади. Шу нуқтаи назардан, ҳозирда жуда оммавийлашиб кетган аксарият ана шундай куй-қўшиқларнинг шеърий мазмуни, бадиий савияси исталган достон ёки мумтоз қўшиқларга нисбатан жуда саёзлиги назарда тутилса, бундан кўпчилик кишиларимизнинг маънавий-маърифий камолоти, эстетик диди, санъатни баҳолай олиш савияси қандай эканлиги ҳақида анча нохуш хулоса чиқади...

Халқимиз онги ва қалбида миллий ғояни шакллантириш ҳамда жамиятимиз маънавиятини юксалтиришда адабиёт ва санъат ўзига хос алоҳида ўрин тутади. Улар юксак маънавий қадриятларни, миллий маданият, урф-одат, анъаналарни, маълум ғоя ва мафкурани одамлар қалбига сингдиришда, халқнинг руҳини кўтариб, порлоқ истиқбол, буюк келажак учун курашга сафарбар қилишда жуда катта роль ўйнайди.

Адабиёт ва санъат инсонларга ўтмиш ҳамда келажакни идрок қилишга, ҳаёт муаммоларини тўғри англаб ечишга, ижтимоий онгини, тафаккури ва дунёқарашининг ўсишига бениҳоя катта ёрдам беради. Улар халқнинг ўзига хос ички дунёсини, руҳий-маънавий қиёфасини, олам ва одам тўғрисидаги тасаввур-қарашларини тасвирлашда, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг моҳиятини, умуман инсонлар ҳаётининг мазмунини очиб кўрсатишда чексиз имкониятларга эга.

Истиқлолга эришгунимизга қадар жаҳон адабиёти ва санъати тараққиёти тарихида ўзбек халқи адабий меросининг ўрни ҳамда аҳамиятидан деярли бехабар эдик. Назаримизда, буни ҳамон тўла ва чуқур англаб ололганимиз йўқ. Чунки, эндиликда жаҳон адабиёти дурдоналаридан бемалол ўқиб, ўрганиб, улардан баҳраманд бўлар эканмиз, табиийки, баъзан улар билан ўзимизнинг боболаримиз томонидан яратилган турли адабий меросимиз намуналарини қиёслаб қоламиз. Шунда бир қанча йиллар мустамлакачилик зиндонида фақат халқимизнинг ўзи қамалибгина қолмай, унинг янада тубироғига ўтмишимиздаги улуғ боболаримиз яратган улкан маънавий мерос ҳам тиқилганлиги сезилиб қолаётир. Яъни, бу соҳадаги тадқиқотчиларнинг кўрсатишича, тарихда ўзларининг бадиий, илмий, фалсафий тафаккури зиёси билан инсоният ҳаётини ёритган улуғ аждодларимиз адабиётда, илм-фанда шундай қасрлар яратишган эканки, уларни мустамлакачилик тузуми узоқ йиллар давомида талаб, ўмарибгина қолмай, яна марксча-ленинча мафкура девори билан тўсиб ҳам қўйган экан.

Шу боисдан жаҳон адабиёти тарихидаги жуда кўп бўш жойлар, камчилик-кемтиклар, етишмаётган адабий мукаммалликлар яқинлардан бошлаб дунё қайта таниётган ўзбек халқининг боболари ва улар ижодиётининг ўрни экан. Бунга биргина буюк бобомиз Алишер Навоий ижодиёти ёки ул ҳазрат ўрганган ё уни устод тутган алломаларимизнинг айрим асарлари, айниқса, уларга нисбатан дунё ва ўзимизда юз берган муносабатлар ҳам далил бўла олади.

Чунончи, бир томондан, ҳар қандай шароитда, ҳатто шўролар тузимида ҳам, Оллоҳни инкор қилиб, йўққа чиқариб бўлмагани каби, ўзбек халқи ўтмишида «Авесто»дан бошлаб, соҳибқирон Амир Темур ва Алишер Навоийлар даврида ёки ундан кейинлари ҳам яратилган бой мероснинг ҳақиқатдан ҳам замини мустаҳкам ва жуда улканлигидан умуман йўқотишнинг иложи бўлмаган. Шунинг учун шўролар мафкуравий сиёсатида уларни атайлаб сохталаштириш, нотўғри талқин қилиш йўли тутилган. Бошқа томондан, дунёда ҳақиқатан юксак бадиий, илмий, ижтимоий-фалсафий тафаккур табиатини ўрганиш ва ўзлаштиришга бўлган эҳтиёж, зарурат мавжудлиги туфайли, турли даврлардаги ҳар бир тузим, ҳар қайси халқ, ҳар хил олим-мутахассислар ўз эҳтиёж-манфаатлари, мақсад ва қизиқишларидан келиб чиқиб, бу меросни маълум даражаларда ўрганиб ўзлаштирганлар. Шу тариқа, турли нуқтаи назарлар ҳамда мақсад-муддаолардан келиб чиқиб таҳлил ва талқин этилган меросимиз хусусида, кўп жиҳатдан нохолис, юзаки тасаввур қарашлар, баҳо, хулосалар шаклланган. Чунки, бу борада ҳар бир олим, аксарият ҳолатларда халқимиз манфаати ва эҳтиёжларини кўзлаб эмас, аввало муайян сиёсий мақсад-муддаолар ҳамда қизиқишлар доирасида тадқиқот олиб борган. Тадқиқот натижаларининг миллатимиз учун аҳамияти бошқа манфаатлар соясида қолиб кетган.

Энди, Президентимиз таъкидлаганидек, «Биз ўтмишимизнинг мана шундай аянчли, фожеали саҳифаларини чуқур таҳлил қилиб, ҳаққоний хулоса ва сабоқлар чиқаришимиз керак. Милий ғурур тарбияси, ягона халқ туйғусини ёшлар онгига сингдириш соҳасида ҳар куни эринмасдан тинимсиз иш олиб боришимиз, бу йўлда энг таъсирчан самарали воситалардан фойдаланишимиз шарт»[7].

Шундай қилиб, миллатнинг бой тарихидан ажратиб, минг йиллар давомида яратилган маданий мерос, миллий маънавий қадриятларни, хусусан, адабиётимиз намуналарини авлодлар ҳаётидан йўқотиш мақсадида амалга оширилган ишлар, умуман йўқотиб бўлмаганларини эса мафкуравий манфаатлар асосида сохталаштириш ёки нотўғри таҳлил, талқин қилишлар оқибатида ўтмиш адабий меросимизнинг нодир намуналари ҳақида кўп жиҳатдан сохта, юзаки, ўзгача руҳдаги, баъзан эса мутлақо тескари талқин, таъриф ва тасвирлар юзага келиб, дунё фани ҳамда ижтимоий фикрида кенг тарқалди. Алломаларимиз ижодиётининг ўзига хос характерини, асарларининг асл мазмун-моҳиятини тушунишга жуда ожиз бўлган худди шу омиллар асосида халқимиз адабий меросининг жаҳон адабиётидаги ўрни ва аҳамияти белгиланди, тасаввур ва тасвир қилинди. Ҳатто кўпчиликда меросимизга нисбатан нигилистик қарашлар шаклланди. Масалан, мустамлакачилик даврларида ўтмиш маданиятимиз жуда камситилиб, унга қолоқлик сифатида қаралар, миллий онг, дунёқараш, умуман, анъанавий турмуш тарзи ва ижтимоий муносабатларнинг кўп томонлари қораланиб, инкор қилинар эди.





Дата публикования: 2014-11-04; Прочитано: 718 | Нарушение авторского права страницы | Мы поможем в написании вашей работы!



studopedia.org - Студопедия.Орг - 2014-2024 год. Студопедия не является автором материалов, которые размещены. Но предоставляет возможность бесплатного использования (0.012 с)...