Студопедия.Орг Главная | Случайная страница | Контакты | Мы поможем в написании вашей работы!  
 

Va tarixiy asoslari. 4 страница



Шунинг учун ҳам, бизнинг назаримизда Данте, Гёте ёки Пушкин сингари даҳоларнинг ижодиётини тўла ўрганиб, ўзлаштирган бадиий, фалсафий, илмий-назарий нуқтаи назарлар, руҳий-маънавий даражалар ўз табиатига кўра, буюк Навоий тафаккури ҳамда асарларининг бутун мазмун-моҳиятини тўлиқ ўрганиб, теран англаб етиш учун зарур имконият, шароит бўла олмаган.

Агар Ғарб адабиёти намуналарини ўзимизнинг юксак маънавий-маданий меъёрлардан, яъни масалан, буюк бобомиз Навоий ижодиёти ва тафаккури даражасига асосланган руҳий-маънавий нуқтаи назардан таҳлил қилинса, уларнинг миллий тараққиётимиз учун аҳамияти аён бўлади. Шунинг учун ўтмиш бадиий адабиётимизнинг юксак намуналари, уларда илгари сурилган эзгу ғоялар моҳиятига, бу асарларнинг жамият маънавий ҳаёти ва тараққиётига таъсири, айниқса ғоявий-тарбиявий аҳамиятига, шу билан бирга, замонавий адабиётимиздаги ғоявий-мафкуравий масалалар билан боғлиқ муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Истиқлол йилларида замонавий адабиётимизда ҳам жиддий ижобий ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, шеърият жуда юксалиб бормоқда. Шунингдек, тарихий мавзуларда ёзилиб, нашр этилаётган бир қанча асарлар эътиборга моликдир. Бироқ, мустақиллигимиз шарофати билан вужудга келган улкан имкониятлар ҳозирги адабиётимиз олдига кўплаб шарафли вазифаларни, ечилиши лозим бўлган жуда долзарб муаммоларни ҳам қўймоқда. Чунончи, кейинги йилларда ёзувчиларимиз учун замонавий қаҳрамонларнинг бадиий образларини яратиш жиддий муаммо бўлиб қолди. Бу борадаги изланишлар, ҳозирча, етарли самара бергани йўқ. Эҳтимол, ҳозирги бадиий адабиётимизда замонавий қаҳрамонларни тасвирлашдаги муаммонинг асосий сабаби - бизда ҳамон конкрет тарихий даврда қаҳрамонлар образи учун ижтимоий-маънавий мезонлар аниқ эмаслигидир. Яъни, ёзувчиларимизнинг ўзлари ҳозирги замонавий қаҳрамонларнинг қиёфаси қандай бўлиши лозимлигини тўлиқ тасаввур қила олишмаяпти. Шунинг учун Президентимиз И.Каримов айтганларидек: “Ҳаммамиз яхши тушунамиз – адабиётда тарихий ҳақиқатни тиклаш билан бирга, халқимиз адибларимиздан бугунги кунимиз ҳақида, замонавий қаҳрамонлари ҳақида янги-янги асарлар кутаётгани табиийдир”.[8]

Халқимизнинг миллий маданий мероси ва маънавий қадриятларининг катта қисмини ўтмиш аждодларимиз яратган фалсафий мерос ташкил қилади. Фалсафий меросимиз Шарқ ижтимоий-фалсафий фикрлари тараққиёти тарихида жуда катта ўрин тутади. Масалан, немис классик фалсафасини билмасдан туриб, янги замон европа фалсафасини, ўтмиш ўзбек фалсафасини ўрганмасдан туриб эса, Шарқ фалсафасининг моҳиятини тўла ва тўғри тушуниб бўлмайди. Шунингдек, Европа ва Ғарб фалсафасининг шаклланиши тарихида бизнинг ҳам фалсафий меросимиз муҳим роль ўйнаганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунончи, зардўштийлик дини тарихини чуқур ўрганиб, тўрт жилдлик китоб ёзган инглиз олимаси Мэри Бойс ўз тадқиқотларида қадимги Юнонистондаги ижтимоий-фалсафий фикрлар тараққиётини бошлаб берган Милет мактаби фалсафаси, асосан, Авесто маданияти, яъни зардўштийлик таълимоти таъсирида шаклланганлигини кўрсатади. У Иониядаги (Қадимги Юнонистондаги) Милет донишмандларининг фалсафий қарашларига «таъсир фақат бир томонлама, зардўштийлик томонидан бўлган» деб ёзади.[9]

Дарҳақиқат, мустақиллик шарофати билан юзага чиқаётган асл тарих ҳақиқатлари, бизнинг заминимизда ривожланган фалсафий тафаккур маданияти инсоният дастлаб фалсафий фикрлай бошлаган замонлардаёқ юзага келганлигини кўрсатмоқда. Эндиликда, бундай фикрларни биргина «Авесто» билан ҳам исботлаш мумкин бўлмоқда. Шунинг учун, худди қадимги Ҳиндистон, Хитой ёки Юнонистон фалсафаси каби ўзбек халқи ўтмишида ҳам ўз даврлари даражасида жуда юксак, ўзига хос фалсафа мавжуд бўлганлиги ва бу, тарихда дунёдаги бошқа халқларнинг (жумладан, Ҳинд, Хитой, Юнондаги) ижтимоий-фалсафий фикрлари тараққиётига катта таъсир кўрсатиб, ҳамда таъсирланиб, ривожланганлигини очиқ-ойдин айтиб ёзиш мумкин ва лозим.

Шу нуқтаи назардан, масалан, таниқли олимамиз Фозила Сулаймонованинг «Шарқ ва Ғарб» асарлари сингари йирик тадқиқотларни кенг кўламда олиб бориб, натижаларини муттасил чоп этавериш керак. Зеро, миллий истиқлол мафкурасининг ривожланиши кишиларимизнинг ижтимоий-фалсафий меросимизни тўла ўрганиб, ўзлаштириши ва, шу тариқа, янги босқичларда шаклланган фалсафий тафаккур маданияти билан ҳам бевосита боғлиқдир.

Диний таълимотларга кўра, олам ва инсон мукаммал қилиб яратилган. Шу боис, уларнинг моҳиятини тўлиқ ва тўғри англаб етиш учун ўзига хос мукаммал усул-воситалар, ёндошувлар: баркамол онг, илмий, фалсафий тафаккур тақозо этилади. Фалсафа (ёки фалсафий тафаккур маданияти), шу мақсадга эришишда энг кўп имкониятларга эга. Уни шундай усул-восита ва ёндошувлар ичида энг қулай, кўпроқ имкониятларга эга, таъбир жоиз бўлса, маълум маънода энг мукаммали, дейиш мумкин. Бинобарин, фалсафий тафаккур маданияти инсон ва миллат камолоти даражасининг муҳим кўрсаткичидир. Шунинг учун ҳам мустақиллик шароитида ўзбек халқи ижтимоий-фалсафий фикрлари тараққиёти тарихини, ўтмиш аждодларимиз томонидан қолдирилган улкан фалсафий меросни ҳар жиҳатдан чуқур ўрганиш ғоявий-мафкуравий соҳадаги энг долзарб вазифалардандир.

Ҳар қандай мафкура инсон(лар)нинг муайян манфаати ва мақсадлари асосида юзага келади, айни пайтда, унинг ривожланишида фалсафа асосий ўрин тутади. Яъни, шахс, ижтимоий гуруҳ ёки тоифаларнинг ғоялари жамият мафкурасига айланиши учун, албатта улар илмий-назарий ва методологик жиҳатдан асосланиши лозим. Ғоя ва мафкуранинг назарий-методологик асослари – конкрет шахс, ижтимоий гуруҳ, ёки миллатнинг туб манфаатлари ва мақсадларини рўёбга чиқариш усул-воситаларининг ижтимоий тараққиёт қонуниятларига мос (ёки зид) келишини кўрсатиб беришдан иборат. Ғоя ва мафкура мустаҳкам илмий назарияга асослансагина, жамиятнинг структуравий элементлари бўлган, турли ижтимоий-сиёсий гуруҳ ва тоифаларни бирлаштириб, уларнинг фаолиятларини ҳаракатга келтирувчи кучга айланиши мумкин. Бунда, бир томондан назария инсоният тарихий тараққиёти тажрибаларини умумлаштиришдан келиб чиқади. Иккинчи томондан, илмий назария кундалик амалий ҳаётнинг стратегик ва тактик вазифаларини белгилаб беради. Шунинг учун ғоя ва мафкуранинг амалиётини ва назариясини бир-биридан ажратиб бўлмайди. Мустаҳкам назарий-фалсафий асосларига эга бўлмаган мафкура ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг тарихий зарурияти ва эҳтиёжларини муайян манфаатлар доирасидагина ифодалаб, чегараланиб қолиши, шу тариқа жамият мафкурасига зид келиб, миллий тараққиётга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, миллий тараққиёт ғояларини ва у билан боғлиқ назарий ва амалий ишларни илмий фалсафий асослаш миллий мафкурадаги мақсадларнинг тўла рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, XVI асрлардан минтақамизда қолоқлик ва кейинроқ мустамлакачилик даврлари бошланиб, Ғарб ва Европада эса ижтимоий-иқтисодий, маданий юксалиш рўй бергач, умуман Шарқ маданиятига муносабатлар, уларни ўрганиб баҳолаш мезонлари тубдан ўзгарди. Яъни, юқорида айтганимиздек, халқимиз маънавий-маданий меросини, улуғ алломаларимизнинг асарларини Ғарб ва Европа руҳи, у ерлардаги мавжуд маънавий, фалсафий меъёрлар билан таҳлил ва талқин этиш қатъий одатга айланиб, бу ҳол табиий равишда, ўтмиш меросимиз хусусида тўғри тасаввур-қарашлар шаклланиши учун имкон бермаган. Бошқача айтганда, жаҳон фалсафий тараққиётига улкан ҳисса қўшган Ғарб ва Европадаги кўпдан кўп буюк даҳоларнинг ҳақиқатан ҳам юксак ижодиёти чўққиларидан туриб, улуғ Шарқ тафаккури қуёшига қараган олам аҳли-олимлари, табиийки, фақат унинг нурини, кучини кўриб, пайқаб, ўзлаштира олишди, аммо бу нурнинг асос-манбаини, уларнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини, илоҳий-маънавий қудратини тўлиқ билиб, англай олишмади. Шунинг учун, масалан, ўтмиш алломаларимиз ижодиёти ҳақида ёзилган кўплаб асарлар, асосан, Ғарб руҳи ва тафаккури даражаси ҳамда мезонлари асосида, бизнинг назаримизда, нисбатан юзаки таҳлил ва талқин этилиб, баҳоланган. Уларнинг ҳақиқий моҳияти ва айниқса халқимиз учун аҳамиятли бўлган томонлари эса тўла очиб берилмаган. Афсуски, ўзимизнинг халқимиз ҳам сиёсий қарамлик шароитида маънавий-маданий ва фалсафий меросимизни ана шундай асарлардан ўрганиб, ўзлаштирди. Шу тариқа миллий онг - тафаккуримизда, маънавий руҳий қиёфамизда кўплаб салбий иллатлар шаклланди.

Хуллас, инсоният тараққиётининг кейинги даврларида ҳар қандай денгиз океанларнинг тубигача бемалол сузиб бора олиш имкониятлари бўлсада, аммо у ерлардаги ҳамма нарсаларни олиб чиқиб бўлмаганидек, Ғарб илм-фани ва маданияти ҳам халқимизнинг ўтмиш маънавий-маданий меросини бемалол ўрганиб, фақат ўз тараққиёти учун зарур бўлган, ўз руҳига мос жиҳатларни олиб, ўзлаштирган. Ғарб тараққиёти учун кераксиз деб топилган, улар учун тушунарсиз, улар руҳига бегона жиҳатлар эса ҳамон қолоқлик, бидъат, диний хурофот, жоҳиллик ва ҳоказо деб талқин қилинади. Ҳатто, айрим оврупапараст олимлар, умуман Шарқ халқлари маданияти ва ижтимоий-фалсафий фикрлари тараққиётининг асл моҳиятини тушуна олмай, ёки атайлаб ҳаддан ортиқ камситиб, бузиб талқин қилишган ҳоллар ҳам кўп кузатилади. Масалан, машҳур рус файласуфларидан бири В.Соловьев шундай ёзади: «Мусулмон дунёсида, нафсламбирин айтганда, ижобий фан ҳам (дунёвий фанлар назарда тутилмоқда), ҳақиқий теология ҳам мутлақо мавжуд эмас, балки Қуръоннинг қандайдир қашшоқ догмалари ҳамда греклардан олинган тарқоқ фалсафий тушунчалар, эмпирик маълумотлар йиғиндиси мавжуд»[10]. Шунингдек, Г.Вамбери: «Японияликлардан ташқари Осиёлик халқлардан биронтаси ҳам ўзлари мустақил ҳолда тараққиёт ва янгиланиш йўлига чиқолмайди. Осиёликлар фақат европанинг бевосита ёки билвосита таъсири билангина маданиятга эришишлари мумкин», дейди[11]. Ёки яна: Шарқ тафаккури «шунчалик диний бўёқлар билан бўялган ва шунчалик бизнинг европача тафаккуримизга бегонаки, шунинг учун бу халқларнинг дунёқараши хусусида тўхталиб ўтириш шарт эмас», деб хулоса қилади Карл Форлендер.[12]

Аммо, меросимиздаги ана шундай баҳоланган кўп жиҳатлар биз учун бегона эмас ва айтиш мумкинки, ғарбча нуқтаи назарлардан «қолоқлик», «камчилик» бўлиб кўринган худди ана шу томонлар, эҳтимол, бизнинг маънавий юксалишимиз учун асос, мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин. Чунончи, европача нуқтаи назарлардан ўтмиш меросимиздаги камчилик - нуқсон бўлиб кўринган ва шўролар фанида ўзимизнинг олимлар томонидан ҳам энг кўп такрорланган, энди эса мусулмон Шарқи алломаларининг онги, тафаккур маданиятини ҳамиша замонавий, илғор нуқтаи назарлардан туриб объектив таҳлил қилган зукко олимларнинг ҳақиқатдан нақадар узоқлашиб кетганлигини, олам ва одам хусусидаги ҳақиқатни англаш, тушуниш борасида алломаларимизга нисбатан қанчалик ожиз эканликларини кўрсатувчи, юз йиллардан буён дунёдаги деярли барча фанлар учун методологик асос, тамойил, мақсад ва вазифа бўлиб хизмат қилиб келаётган баъзи «илмий ҳақиқатлар»ни пуч, сохта, нотўғри эканлигини, айнан кейинги даврларда инсоният ижтимоий тараққиётининг ўзи исботлаб бермоқда. Масалан, кўпгина адабиётларда Шарқ мутафаккирларининг ижодларидаги чекланганлик - камчиликлардан бири: улар ижтимоий тараққиётнинг ривожланиш қонуниятларини яхши билмаганликлари туфайли, ўзларининг фалсафий қарашларида оламни ўзгартириш хусусида фикр юритиш даражасигача чиқолмаган, дейилади.

Ҳақиқатан ҳам, ўз даври даражасида ниҳоятда юксак илмий салоҳияти, чексиз тафаккур қудрати билан, Европа фанида Ернинг думалоқлиги исботланишидан бир неча асрлар аввалроқ, Ер шарининг нариги ёғида қитъа борлигини айтиб беролган; инсон ва олам моҳиятини тўлиқ англаб, уни ривожлантириб камолга (ҳаққа) етказишнинг аниқ назарий ва амалий йўлларини кўрсата олган; адолатли демократик жамиятнинг тузилиши ва мазмун-моҳиятидан, мақсад ва вазифаларигача батафсил ишлаб чиққан; айниқса, ўзларигача инсониятнинг тарихий тараққиёти мобайнида эришилган барча илм-фан ютуқларини тўла ўрганиб, сарагини-саракка, пучагини-пучакка чиқариб, дунё илм-фанини ва тафаккур тараққиётини бир неча асрлар олдинга суриб юборган алломаларимиз, оламнинг эгаси - Оллоҳ, уни ўзгартириш ҳам, унинг измида, деб ҳисоблаган.

Хуллас, маънавий-маданий, фалсафий меросимизга муносабатлар хусусидаги бундай мисолларни яна жуда кўп келтириш мумкин. Аммо, мана шу мисолда ҳам кўринадики, дунё фанида бизнинг ўтмиш меросимизни таҳлил қилиб баҳолашда, қандай мақсад-муддаоларга ёки қанақа мафкуравий буюртмаларга, қанчалик объектив илмий далилларга асосланганликдан қатъий назар, энди бемалол айтиш мумкинки, дунёдаги баъзи олимлар бизнинг ўтмиш алломаларимизнинг инсон, олам ҳамда илм-фан ва тафаккур моҳияти хусусидаги кўп жиҳатдан тўғри, объектив фалсафий қарашларини инкор қилиб, фанларда ўзларининг турли концепцияларини жорий қилиш билан, нафақат Шарқ тафаккур маданияти ва фалсафасининг туб асосларига путур етказишган, шу билан бирга, бутун инсоният ижтимоий-фалсафий тафаккури ва маънавий-маданий тараққиётини нотўғри йўналишга солиб юборишга ҳаракат қилишган. Буни кейинги асрларда Ғарб ва Европадаги маънавият борасида юз бераётган тараққиёт ва муаммолар исботлаб бермоқда. Шу боис, Ғарб маънавий тараққиёти жараёнларидаги зиддиятларнинг туб асос-сабабларини қидираётган у ерлардаги мутафаккирлар, баъзан, «Тараққиёт қанчалик юксалгани сари маданият шунчалик тубанлашади» (Блок), деган таҳликали хулосалар чиқармоқда. Шу тариқа, Шарқ мутафаккирларининг бежизга «хурофотга ботиб», «оламни ўзгартиришга ҳаракат қилмаганликлари» маълум маънода, тўғри эканлиги аён бўлмоқда. Зеро, миллатларнинг ижтимоий ҳаётида ҳамиша яхшилик ва эзгуликлар устувор бўлиши ёки бўлмаслигини, инсоният ҳаёти маънавий инқирозга қараб кетмаслигини ана шундай масалаларда қандай йўл тутиш ҳал қилади. Шунинг учун, “ўтган давр мобайнида эски тузумдан оғир мерос бўлиб қолган ана шундай иллатларга, эл-юртимизга нисбатан камситиш ва миллий манфаатларимизни менсимаслик ҳолатларига барҳам бериш, кўҳна қадриятларимиз, дину диёнатимизни тиклаш, ҳаётимизда тарихий адолатни қарор топтириш, янги жамият қуриш йўлида халқимизнинг маънавий юксалишини ўз олдимизга қуйган олижаноб мақсадларга етишда ҳал қилувчи мезон деб қараш ва шу асосда иш олиб бориш биз учун доимо устувор вазифа бўлиб келганини ва бугун ҳам эътиборимиз марказида турганини таъкидлаш лозим”.[13]

Айни вақтларда, халқимиз ҳаётида ўзига хос анъналарга эга бўлган театр ҳамда замонавий кино санъатлари янги босқичларда ривожланиб бормоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатимиздаги мавжуд турли хил ва даражалардаги театрлар фаолиятида тубдан ўзгаришлар юз берди. Эндиликда ҳақиқий маънавий-маданий масканларга айланган театрларимиз эски тузим асоратларидан халос бўлиб, ўтмиш меросимизни тиклаш, кишиларимизда янгича дунёқарашни, миллий ғоя ва мафкурани шакллантириш ишига катта ҳисса қўшмоқда. Бу борада “Ўзбекистонда театр санъатини ривожлантириш тўғрисида”ги Президент Фармонининг чиқиши (1998 й. 26 март), “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ва унинг қошида «Театр» ижодкорлари уюшмасининг ташкил этилиши ушбу соҳанинг ривожланишида катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Шунингдек, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, кино соҳасида ҳам жиддий ўзгаришлар қилинмоқда. Киноларимизда халқимизнинг ўтмишдаги ва бугунги ҳаётини тасвирлашда, мустамлакачилик кирдикорларини ҳамда миллий истиқлолнинг моҳиятини очиб беришда сезиларли ишлар амалга оширилди. Чунончи, киночиларимиз томонидан сўнги йилларда яратилган бир қанча ҳужжатли ва бадиий фильмлар халқимизга манзур бўлмоқда.

Дарҳақиқат, кино санъати ўзининг ғоявий-тарбиявий таъсир этиш имкониятларига кўра, санъатлар ичида энг катта кучга эга. Президентимиз айтганларидек, ҳатто оддийгина “мультфильм”да ҳам муайян ғояни муваффақият билан тарғиб қилиш мумкин.

Аммо, тўғрисини айтганда, ғоявий-мафкуравий тарбияда катта хизмат қила олиши мумкин бўлган кинофильмлар учун ниҳоятда кўп мавзу ва материаллар мавжуд бўлган бизнинг шароитда, киночиларимиз ушбу санъатнинг барча имкониятларини тўла ишга сола олмаяптилар. Киноларнинг умумий ғоявий савиясини оширишда замон талабларидан орқада қолмоқдалар. Хусусан, бу ҳол бизда яратилаётган “аксарият фильмларда киночиларимизнинг бугунги куннинг ҳақиқий манзараси, унинг ўткир муаммоларини чуқур ҳис эта олмаслиги, оддий одамлар ҳаётидан узоқлашиб қолгани сезилади.

Бунинг сабаблари ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин асосий сабаблардан бири шундаки, кино санъати соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари илгари Ўзбекистонда умуман мавжуд эмас эди. Собиқ марказдаги кино институтларида таълим олган оз сонли ўзбек режиссёрлари ва кинодраматурглари эса, афсуски, миллий руҳ, миллий заминдан бегона бўлган мутахассислар бўлиб етишар эди ва ана шундай ҳолатнинг салбий асорати ва таъсири аксарият киноижодкорларимиз фаолиятида ҳозирга қадар сақланиб келмоқда”.[14]

Айни чоғда, жамиятимизда рўй бераётган миллий тикланиш, маънавий юксалиш жараёнлари ҳамда халқимизнинг маданий-маърифий, мафкуравий камолоти ижтимоий ҳаётимизда муҳим ўрин тутувчи диний меросимизнинг тикланиши билан ҳам боғлиқ. Зотан, кишиларимизда барча миллий хусусиятлар: миллий онг, дунёқараш, маданият ва мафкуранинг шаклланишида муқаддас ислом дини қадриятлари муҳим роль ўйнайди. Бу қадриятлар миллий истиқлол ғоясининг диний илдизлари бўлиб хизмат қилмоқда.

Шўролар ҳукмронлиги даврида ҳар қандай дин(лар) маънавий-маърифий қолоқликнинг натижаси, жамият ва инсон камолоти йўлидаги тўсиқ ҳисобланиб, уни кишилар онгидан, халқлар ҳаётидан батамом сиқиб чиқаришга зўр берилган эди. Энди маълум бўлдики, аслида ҳар бир дин, хусусан, ислом дини жамият, миллат маънавиятини юксалтиришда, комил инсон шахсини шакллантиришда жуда муҳим ўрин тутар экан. Шу боис, мамлакатимизнинг мустақилликка эришиши ва уни мустаҳкамлаш йўлидаги дастлабки саъи-ҳаракатлар халқимиз ҳаётида диний қадриятларни тиклаш, кишиларимизнинг диний эътиқод эркинлигини таъминлаш, давлатнинг дин ва диний ташкилотлар билан муносабатларини тўғри йўлга қўйишдан, умуман динларни чуқур ўрганиш учун зарур шарт-шароитларни яратишдан бошланган эди.

Истиқлол шарофати билан бу соҳада ҳукуматимизнинг конституцион нормаларга (31-модда) асосланган изчил адолатли сиёсати йўлга қўйилди. 1991 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни (1998 й. янги таҳрири) қабул қилинди. Ҳозир Ўзбекистонда 16 диний конфессия расман рўйхатдан ўтиб фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз ҳудудларида минглаб масжид, мадраса, мақбара-зиёратгоҳлар, турли динларга тегишли ибодатхоналар, синагогалар ва бошқа диний қадамжоларнинг эскилари таъмирланиб, тикланиб, янгилари бунёд этилмоқда. Маворауннаҳр мусулмонлари диний идораси ташкил этилиб, мамлакатимизда ислом дини равнақи учун хизмат қиладиган кўплаб адабиётлар, турли номдаги газета, журналлар чоп этилмоқда. Ҳар йили юртимиздан 3-4 минг киши эмин-эркин ҳаж сафарига боришмоқда, уларга ушбу улуғ ибодатларини кўнгилдагидек адо этишлари учун ҳукуматимиз томонидан катта амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Динимиздаги муқаддас Рамазон ва Қурбон ҳайитлари қайта тикланиб, уларнинг биринчи куни (Президентимизнинг 1992 йил 27 мартдаги Фармони билан) бутун мамлакатимизда дам олиш куни – байрам, деб эълон қилинди. Қуръони Карим ва бошқа кўплаб диний китоблар кўп нусхаларда нашр этилмоқда. Юртимизда умуман барча динларни, хусусан ислом динининг инсон, жамият, миллат ҳаёти ва тараққиётида тутган ўрнини, ўзига хос бошқа хусусиятларини объектив ўрганиш ва ўргатиш ҳамда мамлакатимизнинг бу соҳадаги кадрларга бўлган талаб-эҳтиёжларини қондириш мақсадида 11 та Олий ва ўрта махсус диний ўқув юртлари, кўплаб мадрасалар ташкил этилиб (илгари 2 та эди), самарали фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, муқаддас динимизни ўзларининг бузғинчи сиёсий мақсад ва фаолиятлари учун ниқоб қилиб олган турли зарарли оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш борасида жиддий ғоявий-мафкуравий ишлар олиб борилмоқда. 2007 йилда таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти – АЙСЕКО томонидан мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрининг «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилиниши бу борадаги ишларимизнинг халқаро миқёсдаги эътирофидир.

Айни пайтда, тарихимизнинг турли даврларида муқаддас динимизни, маънавий-маданий қадриятларимизни ривожлантириб, юксалтиришга бениҳоя улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг азиз номлари тикланиб, улар томонидан яратилган бой мерос: диний, фалсафий, илмий асарлар муттасил нашр этилиб, кенг ўрганилаётгани, соҳадаги назарий ва амалий ишларнинг миллий ғояни ривожлантиришдаги ўрни ва аҳамияти катта бўлмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир инсон, миллат, жамият маънавияти ва мафкурасининг реал ижтимоий-тарихий асос-манбаалари ҳамда уни шакллантириб, ривожлантириш усул-воситалари ўзига хосдир. Хусусан, бизнинг халқимиз руҳий-маънавий тараққиётида ўтмиш маданий мерос ва миллий маънавий қадриятлар муҳим ўрин тутади. Шунга кўра, миллий ғоянинг ривожланиш даражаси ва кўлами бой тарихий меросимизни кишиларимиз томонидан нечоғли ўрганиб, ўзлаштирилишига боғлиқ. Бу борадаги ишларда мамлакатимиздаги ғоявий таълим-тарбия, тарғибот-ташвиқот соҳасида хизмат қилаётган кишиларнинг назарий ва амалий фаолиятлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунинг учун юқорида айтилганлардан келиб чиқиб:

1. Миллий ғоя ва мафкурани шакллантириб, ривожлантиришда муҳим ўрин тутувчи ўтмиш маданий мерос ва миллий маънавий қадриятларимизни, биринчидан, мустақил тараққиётимиз манфаатлари нуқтаи назаридан янгича илмий услуб ва тамойиллар, руҳий-маънавий мезонлар асосида объектив ўрганиб, ёритиш, иккинчидан, шу тариқа юзага келган ўтмиш маданий меросимиз ҳақидаги назарий билимларни давлатимиз ва жамиятимиз ғоявий-мафкуравий тараққиётининг амалий масалалари билан боғлаш зарур.

Бу - ғоявий-мафкуравий ишларимизда тарихий меросимизнинг ўрнини, шунингдек, яқин ўтмишимиздаги мустамлакачиликнинг моҳиятини ва айни пайтда, мустақилликнинг аҳамиятини, жамиятимизнинг бугунги ва келгуси ривожланиш йўналишларини теран англаб олишга катта ёрдам беради.

2. Шуни қайд қилиш лозимки, Ўзбекистон заминида тарихан юзага келган улкан маданий мерос умуминсоният маданияти тараққиёти билан бирга, унинг ажралмас бўлаги сифатида шаклланиб, ривожланган. Аммо, шу билан бирга, бу мерос ўзига хос хусусиятларга, бетакрор кўринишларга ҳам эга бўлиб, яқинларгача унинг яхлит дунё маданиятидаги ўрни ўз нуфузи даражасида эътироф этилмас эди. Шунинг учун, мамлакатимиз мустақилликка эришгач, юксак ривожланиш имкониятларига эга бўлган ушбу маданий меросни, аввало, ана шу ўзига хос томонларини кенг тараққий эттириб, унинг умумжаҳон маданиятидаги мавқеини тиклаш, бу борадаги энг муҳим вазифалардандир.

3. Ҳар қандай ижтимоий-маънавий ҳодиса муайян тарихий асосларда, жамият ҳаётидаги объектив шарт-шароитлар ва субъектив омиллар таъсирида шаклланиб, ривожланади. Шу боис, бугунги кунда миллий мафкурани ривожлантириш ва ғоявий тарбия самарадорлигини оширишда ғоя ва мафкуралар тарихини ўрганиш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, бу йўналишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратиш: ғоявий-мафкуравий соҳада ўтмиш тажрибаларидан самарали фойдаланиш, ғоявий тарбиянинг ретроспектив асосларини мустаҳкамлаш, умуман, миллий мафкурани индивидуал ва ижтимоий даражаларда, микро ва макро босқичларда изчил ривожлантириш имкониятларини кенгайтиради.

4. «Буюк давлат, буюк келажагимизга эришиш учун оқил, маърифатли, айни пайтда ўзининг ўтмиши, улуғ қадриятлари, миллати билан фахрланадиган ва келажакка ишонадиган инсонларни тарбиялашимиз керак»1. Шу нуқтаи назардан, бизнинг маънавий-маърифий тараққиётимизнинг асосий мақсади, ҳар томонлама етук - Комил инсонни шакллантиришдир. Бундай инсонларни тарбиялаш эса, миллий ғояни халқимиз эътиқодига айлантириш билан узвий боғлиқдир.

Шунинг учун халқимиз ўтмиши ва ҳозирги ҳаётида яратилган маънавий-маданий ва ғоявий-мафкуравий қадриятлардан юртимиздаги таълим-тарбия тизими ва ижтимоий-маданий тузулмалардаги турли босқич, шакл ва йўналишлар: оила, боғча, мактаб, олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг, шунингдек, юртимиздаги маҳаллалар, маданий-маърифий муассасалар, оммавий ахборот воситалари, жисмоний тарбия ва спорт, адабиёт, санъат ва дин билан боғлиқ соҳаларнинг фаолиятида миллий ғояни халқимиз онги ва қалбига чуқур сингдиришда кенг фойдаланиш кутилган натижаларни бериши муқаррар.

Бу борадаги ишларни Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Президентимиз И.А.Каримов асарларида ифодаланган назарий фикрлар, йўл-йўриқ, кўрсатмалар ҳамда миллий ғояни ўқитиш ва тарғиб-ташвиқ қилишга доир илмий-услубий тавсиялар асосида олиб бориш муҳим аҳамиятга эга.

«Milliy rivojlanish g’oyaси» tushunchasi. Ўзбекистонда барпо этилаётган жамият ҳусусида, унинг ғоявий-мафкуравий асослари тўғрисида фикрлашдан аввал мустақилликкача бўлган даврдаги ижтимоий-сиёсий тузум ҳақида айрим хулосаларни билдириш мақсадга мувофиқдир. Масалага бундай ёндашишнинг сабаби шундаки, совет мустабид тузими даврида Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга қўшилиш, ижтимоий тараққиётда умумжаҳон эътироф этган умумбашарий қадриятларга амал қилиш имкониятидан маҳрум бўлди.

Совет мустабид тузумининг ўзига хос ғоявий-мафкуравий асоси мавжуд бўлиб, унинг мазмун ва моҳиятини коммунистик мафкура ташкил этарди. Бундай мафкура ҳам ижтимоий-сиёсий, ҳам маънавий-мафкуравий, ҳам иқтисодий жиҳатдан жиддий чекланган эди. Унда демократия, инсон манфаатларини ҳурмат қилиш, фуқаро ҳуқуқларини ҳимоя этиш, ҳурфикрликнинг ривожланиши каби умумбашарий қадриятларга асосланган ғоялар сохталаштирилган эди.

Инсон манфаатларига мутлақо зид бўлган бундай мафкура бир неча ўн йиллар мобайнида дунёнинг кўплаб мамлакатларида ноинсоний тажрибалар ўтказди. Ўша даврда «совет маданиятини яратиш», «шаклан миллий, мазмунан социалистик, руҳан байналминал маданият барпо этиш», «кишиларнинг янги тарихий бирлиги - совет кишисини тарбиялаш», «социализм ривожланиб боргани сари синфий курашнинг кучайиб бориши» тўғрисидаги ғайриилмий хулосалар совет турмуш тарзининг ғоявий- мафкуравий асослари эди.





Дата публикования: 2014-11-04; Прочитано: 793 | Нарушение авторского права страницы | Мы поможем в написании вашей работы!



studopedia.org - Студопедия.Орг - 2014-2024 год. Студопедия не является автором материалов, которые размещены. Но предоставляет возможность бесплатного использования (0.012 с)...