Студопедия.Орг Главная | Случайная страница | Контакты | Мы поможем в написании вашей работы!  
 

Va tarixiy asoslari. 7 страница



Milliy g’oyani O’zbekiston xalqi urf-odatlari, qadriyatlari bilan bog’liqligi va o’zaro mushtarakligida rivojlanishini ko’ramiz. Bilamizki, eski mafkura hukmronligi davrida mиллий маданий-маънавий, ахлоқий тарихий қадриятларга бўлган муносабат масаласида ҳам жиддий хатоликларга йўл қўйилди. Ўзларини илмнинг ҳамма соҳасини якаю ягона билағони деб атаган коммунистик мафкура тарғиботчилари ўз фаолиятларида ўтмишдан қолган барча маданий меросни бутунлай инкор этиш йўлига ўтиб олдилар. Навоий, Бобур, Улуғбек, Яссавий, Машраб, Нодирабегим сингари алломалар феодализм даври намояндалари, деб эълон қилиниб, уларнинг меросларини ўрганиш тўла, холисанлилло баҳо бериш имкониятига эга эмас эди. Миллий қадриятларимизга нисбатан бўлган бундай адолатсиз муносабат Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгунга қадар давом этди.

Эришилган мустақиллик халқимиз маданий-маънавий тараққиётига кенг йўл очиб берди. Ўзбекистонда ҳозир маданий меросимизга алоҳида эътибор билан қаралмоқда, жуда кўплаб илмий, бадиий, тарихий, фалсафий асарлар, қадимий қўлёзмалар кетама-кет нашр қилиниб турибди. Ноёб тарихий ёдгорликларни сақлаш ва таъмирлаш ишлари аллақачоноқ бошлаб юборилди.

Халқимиз даҳоси билан яратилган ва ғайриқонуний равишда жумҳуриятдан ташқарига олиб кетилган, миллий бойлик бўлган санъат асарларини, қимматли қўлёзмаларни излаб топиш, Ўзбекистонга қайтариш чора-тадбирлари кўриляпти. “Ноёб тарихий ёдгорликларни сақлаш ва таъмирлаш, ўзбек халқи яратган ва миллий бойлик бўлган санъат асарларини излаб топиш, уларни Ўзбекистонга қайтариш маънавият дастуримизнинг муҳим бўлагини ташкил этади. Бу миллий бойлик бизга ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган. Бинобарин, биз ҳам уни кўз қорачиғидай асраб-авайлашимиз ва фарзандларимизга мерос қилиб қолдиришимиз керак.

... Бутун дунёда бундай ноёб бойликлар биринчи галда давлат музейлари томонидан сотиб олинади ва сақланади. Биз ҳам худи шу йўлдан боришимиз, бунинг учун керакли маблағни асло аямаслигимиз даркор. Тенгсиз миллий бойликларимизнинг шунча талон-торож қилингани етар, энди биз бунга асло йўл қўймаймиз”.

Миллий қадриятлар

Жумҳуриятимизда илм-фан, маданият, халқ таълими, маориф, адабиёт ва санъатни ривожлантириш, тарихий обидаларни таъмирлаш, аслига келтириш, қарийб унутилаёзган халқ ҳунармандчилигини тиклаш масалалари бўйича Президент фармонлари эълон қилинди, бир неча қарорлар қабул қилинди.

Шарқ халқларининг бир неча минг йиллар мобайнида яратган шундай бебаҳо одоб-аълоқ қоидалари, жаҳонга кўз-кўз қилса арзийдиган қадриятлари борки, уларни унутиш ўтган авлодлар хотираси олдидагина эмас, ҳозирги ва келажак насл-насабларимиз олдида ҳам кечирилмайдиган энг катта гуноҳи азимдир.

Одоб-ахлоқ, таълим-тарбия соҳасидаги қадриятларимиз бизлар учун фақат миллий меросгина эмас, балки инсоният маънавий ҳаёти борасида катта ўрин олиши мумкин бўлган маънавий бойлик ҳамдир. Ана шу миллий қадриятларимизни тиклаш, улардан тўла баҳраманд бўлиш, ёш авлодни улар билан таништириш мустақиллигимизни мустаҳкамлашда, одамларда инсонпарварлик, ватанпарварлик сингари фазилатларни қорор топтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Гап маънавий ва ахлоқий поклик, иймон, инсоф, диёнат, ор-номус, меҳр-оқибат, меҳмондўстлик, инсонпарварлик ва бошқа умуминсоний ва миллий қадриятлар устида бормоқда. Уларнинг жамиятимизнинг иқтисодий тараққиёти, маданий-маънавий камолоти учун нечоғлик муҳим ўрин тутишини етти яшардан етмиш яшаргача бўлган ҳар бир инсон билади. И. Каримов таьбири билан айтганда: Мустақил Ўзбекистоннинг куч-қудрати манбаи - халқимизнинг умуминсоний қадриятларига содиқлигидир. Халқимиз адолат, тенглик, аҳил қўшничилик ва инсонпарварликнинг нозик куртакларини асрлар оша авайлаб-асраб келмоқда. Ўзбекистонни янгилашнинг олий мақсади ана шу анъаналарни қайта тиклаш, уларга янги мазмун бағишлаш, заминимизда тинчлик ва демократия, фаровонлик, маданият, виждон эркинлиги ва ҳар бир кишини камол топтиришга эришиш учун зарур шарт-шароит яратишдир”.

Ўзбек халқида дунё тан бериб келаётган ажойиб инсоний фазилатлар, нодир урф-одатлар мавжуд. Оила аъзоларининг барчаси тўпланмагунча овқат емай туриш, оила бошлиғини одоб сақлаб кутиш, ота-онани ўрнидан туриб кутиб олиш, уларга ҳар доим илтифот кўрсатиш, катталарга ҳурмат, кичикларга меҳр-шафқат, улуғ-аждодларга, қўни-қўшниларга, хеш-ақробаларга, маҳалладошларга, таниш-билишларга ёрдамни аямаслик ва бошқалар бунга мисол бўлади. Бировлар билан муомалада одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш, ўзидан катталар, ёши улуғлар билан ҳаё, одоб-андиша асосида сўзлашиш, уларга ножоиз сўзларни айтмаслик, бетагачопарлик қилмаслик, одоб-ахлоқ, андишани қўлдан бермаслик-буларнинг ҳаммаси халқимизда чинаккам лутфу назокат ҳисобланади ва юксак даражада эъзозланади. Ўзидан катталарни, биринчи галда кекса боболару оталарни, нуроний оналару бувиларни ҳурмат қилиш, эъзозлаш, улар учун қўлдан келган ёрдамни аямаслик ўзбек халқининг анъанавий қоидаси бўлиб, улар ўзбек оилаларида ёшликдан болалар онгига, қон-қонига, вужуд-вужудига чуқур сингдирилиб борилади. Ота-боболаримиз анъаналарига кўра, ёшлар ўзидан катталарни кўрганда таниш-танимаслигидан, миллати ва жинсидан қатъи назар, салом беришлари, йўлда рўбарў келганда биринчи йўл бериши, улар билан самимий муносабатда бўлишлари, илтифотларини аямасликлари лозим.

Ўзбек оилаларида ўтадиган биронта ҳам маросим, тўй-томоша, ҳашар кексаларнинг маслаҳатисиз ва иштирокисиз ўтмайди. Кексаларнинг турмуш тажрибалари, билим бойликлари, босиб ўтган йўллари, йўл-йўриқлари, маслаҳатлари, сабоқлари-ёшлар учун энг катта бойлик, битмас-туганмас хазиналар конидир. Кексаси бўлган хонадонда файз-барака бўлади, деган мазмунда айтилган қанчадан-қанча маталлар, мақоллар, афсонаю ривоятларимиз борлигини айтиб ўтмасак бўлмайди!

XI асрнинг атоқли шоири, донишманди ва давлат арбоби Юсуф Хос Ҳожиб қариларни ҳурмат қилиш, улар ҳақида беҳуда сўз айтмаслик, улар ҳузурида одоб ва камтарлик билан сўзлаш жоизлигини уқтирган эди.

Ўзбек халқининг энг қадимий даврлардан бошлаб ҳозирга қадар давом этиб келаётган, ўз аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган ажойиб қадриятлардан яна бири ота-онани юксак даражада эъзозлаш, иззат-икроми, хурматини жойига қўйишдан иборатдир. Фарзанд учун дунёда ота-онадан кўра меҳрибон, азиз ва мўътабар зот йўқ. Ота-она фарзанднинг суянчиғи, битмас-туганмас бойлигидир. Ҳеч иккиланмасдан шуни айтиш керакки, ота-она фарзанд учун ҳеч нарсани аямайди. Уларнинг табиат ато этган буюкликлари ҳам ана шунда. Ўзбек халқи одоб-ахлоқ қоидаси бўйича, кексаларнинг, ота-онанинг олдидан салом бермасдан ўтиш гуноҳ ҳисобланади. Бундайларни эл-юрт лаънатлайди.

Шундай экан, ота-онани қадрлаш, уларнинг беминнат хизмати унутмаслик, дуоларини олиш- болаларнинг фарзандлик бурчи. Бу-миллий қадриятларимизнинг энг муҳим талабаларидан биридир.

Буюк боболаримиз айтганидек, ота – она учун хизмат қилмоқ фарзандлар учун мажбуриятдир: “ Ота - она иккисига хизматни бирдек қил, хизматинг қанча ортиқ бўлса ҳам кам деб бил. Отанг олдида бошингни фидо қилиб, онанг боши учун бутун жисмингни садақа қилсанг арзийди! Икки дунёнг обод бўлишини истасанг, шу икки одамнинг розилигини ол! Туну кунунгга нур бериб турган-бирисини ой деб бил, иккинчисини қуёш. Уларнинг сўзларидан ташқари бир нарса ёзма, улар чизган чизиқдан ташқарига бир қадам ҳам босма. Ҳамма хизматни сен одоб билан бажар, “адаб” сўзидаги “дол” каби қоматингни хам қил”.

Тан олиб шуни айтишимиз керакки, кейинги пайтларда кексаларни, ота-оналарни ҳурмат қилиш зарурлиги ҳақидаги миллий қадриятларимиз бироз хира торта бошлагандек. Баъзи ёшларда катталарни ҳурмат қилиш, уларнинг гапига қулоқ солиш сингари юксак маънавий фазилатлар йўқолиб кетаётгандек сезилмоқда. Эҳтимол, бошқа миллат вакиллари бунга унчалик эътибор беришмас, лекин биз, ўзбеклар буни ҳис қилмай иложимиз йўқ. Кексалар учун ажратилган уйларда фарзандлари тирик бўлган ота-оналар яшаётганлигига тоқат қилиб бўлмайди. Гоҳ-гоҳида бўлса-да, ота-онага қўл кўтариш, ундан ҳам оғирроқ жиноят қилиш ҳоллари содир бўлиб турганлигини матбуотдан ўқиб, одамлардан эшитиб турибмиз!! Бу-оддий бир нуқсон эмас, балки инсон учун маьнавий тубанлик, бағритошлик, кўрнамакликдир, авлодларимиз ўгитларини назар-писанд қилмаслик, оёқ ости қилишдир. Бундай ҳолатларни кўриб, миллий, ахлоқий қадриятларимизга, ўзбек халқининг шаънига доғ туширадиган бундай ярамас ҳодисалар қаердан келиб чиқди, уларнинг асосий сабаби, илдизи нимадан иборат, деган савол ҳар бир маьнавиятли инсонни ўйлантириши тайин. Шуни аниқ айтиш керакки, тараққиётнинг муайян босқичида айрим ёшлар ўзбек халқининг энг асл миллий қадриятларини чуқур ўрганиш, таҳлил этиш, моҳиятини тўла англаб етишдан тўла маҳрум бўлиб қолдилар. Авлод-аждодларимизнинг ўгитлари, панд-насиҳатлари, энг ажойиб анъаналаримиз, миллий қадриятларимиз тинмай тарғиб-ташвиқот қилиниши, одамлар онги ва турмушига сингдирилиши ўрнига нуқул қораланди, ёмон отли қилинди, бидъат, хурофот, деб баҳоланди. Миллий қадриятларимизнинг сермаъно, серҳикмат ғояларини ўзида жо қилган ва тарғиб-ташвиқ қиладиган ўзбек халқ ривоятлари, эртаклари, достонлари, мақол ва маталлари, аруз ва байтлари, куй ва қўшиқларига унчалик эътибор берилмади, улар синчиклаб ўрганилмади. Буларнинг ўрнига Европа ва бошқа халқларнинг маданий-маънавий меросларига ружу қилинди.Ўнлаб йиллар давомида биз таълим-тарбия борасида Европа, Россия моделини кўкларга кўтариб мақтаб, тарғиб қилиб, ёшларимизни ўз миллий қадриятимиздан бебаҳра қилиб қўйдик. Ана шу касофатлар туфайли диний, ахлоқий, маданий-маънавий қадриятларимизнинг, оила, мактаб, маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар таълим-тарбиясининг ҳаёт синовидан ўтган бебаҳо бойликларидан жудо бўла бошладик, бора-бора уларни унутдик ва бугун халқимиз орасида турли иллатларга дуч келиб турибмиз.

Миллий қадриятларимизнинг моҳиятига зид бўлган бундай салбий ҳодисаларнинг узоқ давом этишига ортиқча чидаш, сабр-тоқат қилиш мумкин эмас эди. Мустақиллигимиз туфайли буларга чек қўйилди. Мустақиллигимиз таълим-тарбия, одоб-ахлоқ масалаларида ҳам туб бурулиш даврини бошлаб берди. Миллий анъаналар, миллий маданият, миллий қадриятлар ўзининг қаддини ростлай бошлади.

Катталарга иззат-икром, кичикларга меҳр-шафқат, ота-оналарга эъзоз, фарзандларга меҳр-садоқат-булар инсонни инсон сифатида улуғлайдиган, ахлоқий, маънавий жиҳатдан гўзал ва баркамол қиладиган қадриятлардан бўлиб ҳисобланади.

Мустақил Ўзбекистон Республикасининг Асосий Қонуни-Конституцияда фарзандларнинг жамият,оила ҳамда ота-оналари олдидаги инсоний бурчлари ва масъулиятлари нималардан иборатлиги миллий қадриятларимиздаги асосий ғоя ва қоидаларга асосланиб белгилаб берилган. Унинг 66-моддасида қайд қилинишича, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамғўрлик қилишга мажбурдилар.

Мустақиллигимизнинг пойдеворини мустаҳкамлашда жамият аъзолари маданий-маънавий, ахлоқий камолотини оқилона йўлга қўйиш, маърифий тадбирларни мунтазам амалга ошириш бениҳоя катта аҳамиятга эга. Агар инсон тўғри тарбия топмаса, унинг фаолияти жамият учун зарарли бўлади. Жамият ҳаётидаги барча муаммолар ечими маънавий жиҳатдан баркамол бўлган кишиларнинг фидокорона, ҳалол меҳнати, ҳалол ва поклиги асосида рўёбга чиқади. “Маънавият тарбиянинг энг таъсирчан қуроли экан, ундан оқилона фойдаланиш, болалармизни ватанпарварлик, ростгўйлик, ҳақсеварликка ўргатиш керак бўлади. Аслини олганда ахлоқ-маънавиятнинг ўзаги. Инсон ахлоқи шунчаки салом-алик, хуш муомаладангина иборат эмас. Ахлоқ-бу аввало инсоф ва адолат туйғуси, иймон, ҳалоллик дегани”.

Ҳозирги пайтда тараққиётимиз тақдирини маънавий жиҳатдан етук одамлар ҳал қилади. Ақлий заковат, руҳий, маънавий камолот, инсофу диёнат, мурувват, меҳр-оқибат- булар маърифатли, маънавиятли инсоннинг асосий фазилатларидир.

Миллий қадриятлар устида фикр юритганда яна бир муҳим масалани алоҳида таъкидлашга тўғри келади. Маълумки, қадимий урф-одатимизга кўра ўзбек оилаларида, айниқса, кўп болали хонадонларда ёшлар болалигиданоқ меҳнат қучоғида тарбияланади, меҳнатда чиниқади. Далада, уй-жойда ота-онага ёрдам бериб, меҳнат қилиб, ҳали ҳеч бир бола майиб бўлган эмас. Аксинча, меҳнат қилган бола чиниққан, оқ-қорани таниган, ота-онасининг қадрига етган. Меҳнат қилиб мураккаб ҳаёт йўлида учраши мумкин бўлган ҳар қандай тўсиқ ва қийинчиликларни сабр-тоқат билан енгиб ўтишга ўрганган.

Афсуски, ўтган советлар даврида халқимизнинг ана шу муҳим анъаналари баъзан эътибордан четда қола бошлади, ёшларнинг меҳнатсеварлик хислатларини шакллантириш масаласига расмиятчилик билан қараладиган бўлади. Шаҳар ва қишлоқдаги мактаб ўқитувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш масаласига бирмунча совуққонлик билан қаралди.

Президентимиз тамонидан қабул қилинган кадрлар тайёрлаш миллий давлат дастурига биноан, республикамизда турли мутахасислик бўйича 297 йўналишдаги касб-ҳунар коллежлари ташкил этилди. Халқимиз орасида бой тажрибалар тўпланган касб – ҳунар сирларини ўрганиш, таълим –тарбияда миллий қадриятларни шакллантириш ва ривожлантириш асосий ўрин тутадиган бўлди. Тарихимиз, маданиятимиз, миллий урф-одатларимизга эътибор кучайди. Ёшларда миллий ғурурни шакллантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият бериладиган бўлганлиги таҳсинга сазовардир.

Жамиятда ҳар ким ўзига муносиб ўрин эгаллаши ва ҳаёт кечиришининг мезонлари ҳозир тамомила бошқачадир. Бундан буён инсоннинг жамиятдаги ўрнини, истиқболи ва келажагини фақат унинг билимигина эмас, балки ақл-идроки, ишбилармонлиги ва уддабуронлиги, меҳнат малакалари ҳам белгилайди.

Жумҳуриятимиз бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтаётган ҳозирги шароитда оиладаги, мактаблар, барча билим ва табия муассасаларидаги меҳнат тарбиясининг аҳамияти айниқса катта. Мустақил Ўзбекистон учун ҳақиқий меҳнатсевар, малакали, ишбилармон, кўплаб хорижий инсонлар жумҳуриятимизни янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшишлари мумкин.

Инсоннинг ўзи ва ўз оиласининг бахт-саодати йўлида меҳнат қилишга шахсан тайёр эканлиги унинг ички имкониятларини ташкил этади.

Билимни севиш ва ардоқлаш, олиму фузалоларни, устодларни ҳурмат қилиш, мардлик, одамийлик, камтарлик, адолат, ҳалоллик ва ҳақгўйлик каби инсоний фазилатларни улуғлаш борасида ҳам бошқалар ибрат олиши мумкин бўлган ажойиб қадриятларимиз ҳам бениҳоя кўп. Шулардан яна баъзи бирлари устида тўхтаб ўтишга тўғри келади.

Миллий қадриятларимизда билим ва билимдонлик жуда улуғланади. Билим ва заковатнинг қадр-қиммати, жамият тараққиёти, шахснинг маданий-маънавий, ахлоқий камолоти учун аҳамияти ҳақида қанчадан-қанча китоблар битилганини, ривоятлар айтилганини, мақоллар тўқилганини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Билим энг катта бойлик эканлиги, дунёда ундан қадрлироқ нарса йўқлиги тўғрисида Низомулмулкнинг “Сиёсатнома”, Носир Хисровнинг “Саодатнома”, “Рўшнома”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билик”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ”, Аҳмад Яссавийнинг “Девони ҳикмат”, Алишер Навоийнинг “Хамса” каби машҳур асарларида бир-биридан муҳим, бир-биридан сермазмун фикрлар баён этилган.

Бизнинг маданиятимиз ва тарихимизда инсонни илм асосларини билиб олишга даъват этмаган, билимнинг хосияти ҳақида куйиб-ёниб сўзламаган на биронта шоир ва ёзувчи, биронта олим бўлмаган, десак муболаға бўлмайди. Бунинг учун лоақал Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг, Абу Наср Форобийнинг, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Синонинг муборак номларини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Уларнинг қаламларига мансуб бўлган асарнинг ҳар бири инсоният учун мислсиз бойлик, битмас-туганмас хазиналар конидир.

Ўзларининг ақл-идроклари, тафаккур қуввати, зеҳн-заковати, буюк кашфиётлари, илм-фани билан дунёни ҳозиргача ҳам лол қолдириб келаётган буюк мутафаккирлари, фузалою уламолари бениҳоя кўплиги билан ўзбек халқи ҳар қанча фахрланса, ифтихор қилса, бошини баланд кўтариб ғурурланиб юрса арзийди!! Ўзбеклар насл-насаби, ўтмиши ниҳоятда улуғ ва бақувват, илдизи жуда чуқур, қадимий халқлардан биридир. Биз тарих майдонида куни кеча пайдо бўлган халқ эмасмиз.

Илм-фанга ўчлик, маърифат томон талпиниш, маданиятга ташналик, одоб-ахлоқ қоидаларини чуқур ўзлаштириб ҳаётга татбиқ этишга интилиш, китоб мутолаасини ҳеч қачон канда қилмаслик, зеҳнини ўткирлаб, фикрини бойитиб, тафаккур қувватини оширишга доимо шай туриш-буларнинг ҳаммаси ўзбек халқига авлод-аждодларидан ўтиб келаётган буюк анъана, ажойиб мерос бўлиб, булар унинг қон-қонига чуқур сингиб кетган.

Инсонни камтар, сермулозамат, вазмин, оғир-босиқ қилиб кўрсатадиган фазилат ва хислатлар кишининг билимидан келиб чиқади. Буни бизнинг аждодларимиз орасида ўтган улуғ ва доно кишилар, шоир ва файласуфлар ҳам кўп таъкидлаб ўтганлар.

XII асрнинг истеъдодли шоири ва донишманд мураббийси Аҳмад Югнакийнинг “Ҳиббатул ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар армуғони”) асарида илмли билан имсизни, олим билан жоҳилни қиёслаб баён этган қуйидаги фикри бунга мисол бўлади: “Билим тўғрисида сўзламоқдаман, сўзимни яхши тингла, билимдон кишиларга ўзингни боғла. Билим билан бахт-саодат йўллари ўрганилади, билим эгаллаб, саодат йўлини топ. Билимли киши қимматли олтиндир. Жоҳил, билимсиз кишилар арзимас қалбаки ақчадир. Билимли билан билимсиз қачон тенг бўлади? Билимли аёл, эр марддир, билимсиз эр, аёл заифдир. Суякка илик, эр кишига илм керак. Эрнинг кўрки ақл, суякнинг кўрки иликдир. Иликсиз суяк бўш-қуруқдир, иликсиз суякка эса қўл узатмайдилар. Эр киши билим ўрганиб, билгувчи бўлиб қолади, билимсиз эр киши тирикликда кўргуликлар ичида қолади. Билимли эр ўлса ҳам ўликдир”. Аҳмад Югнакийнинг бу мулоҳазалари, ҳозирги давримиз учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Илму маърифатнинг инсоннинг қадр-қиммати ва иззат-эътиборини ошришдаги аҳамияти Кайковуснинг “Қобуснома”сида, Юсуф Хос Хожибнинг “Кутадғу билиг “, “Бахт келтирувчи билимлар” номли асарларида ҳам ўзининг чуқур ифодасини топганлигини қайд қилиб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Ана шу ерда улуғ бобомиз Алишер Навойининг “Маҳбубул-қулуб” асаридаги камтарлик-тавозеъ ҳақидаги фикрларини келтириб ўтиш жоиздир: “Тавозеъ-дўстлик гулшанида тоза гуллар очади ва чамандан ошнолик ва улфатчилик базмига хилма-хил гуллар сочади. Тавозеъ-такаббур мухолифга мулойимлик ва камчилик йўлини кўрсатади. Одобли инсон барча одамларнинг яхшисидир ва барча халқлар учун ёқимлидир. У мансабдор кишилардан гўзалроқ ва бадавлат одамлардан ҳурматлироқдир. Одобли одам ўз тенгдошлари орасида ҳам таҳсинга лойиқ. Ҳеч қандай эҳсон бермай каттадан-кичик, ҳаммани шод қилади. Ҳеч қандай ҳадя қилмай, кишиларнинг ғамини тарқатади... Тавозеъ ва одоб эгалларига ҳамма таъзим қилади ва ҳурмат билдиради”.

“Макоримул-ахлоқ” китобининг муаллифи тарихчи Хонадамир “Бошингга такаббурлик ҳавосини келтирма. Чунки такаббурлик билан ҳеч ким бирор жойга етган эмас. Гўзаллар зулфи каби шикасатликни одат қил, бу билан ҳар нафасда минглаб кўнгилни овлайсан ”,-дейди.

Milliy g’oyani O’zbekiston xalqi tili, маданияти bilan bog’liqligi va o’zaro mushtarakda rivojlanishini aytishimiz mumkin. Шунга кўра, u ўз тараққиётида жуда қадимий илдизларга эга:

- она тилимиз ва у билан боғлиқ оғзаки ва ёзма ижодиётимиз намуналари – адабий меросни;

- жаҳон илм-фани ва тафаккури тараққиёти тарихида катта ўрин тутувчи илмий, фалсафий меросни;

- турли тарихий даврларда яратилган моддий маданиятимизнинг нодир намуналари, яъни моддий меросни;

- халқимизнинг руҳий-маънавий тараққиётида муҳим аҳамиятга эга диний қадриятларни;

- кўп асрлар давомида шаклланиб, мустақиллик йиллари янги босқичларда ривожланаётган юксак миллий урф-одат, анъаналарни ҳамда маънавий маданиятимизни кишиларимиз томонидан чуқур ўрганиб, ўзлаштириши миллий ғоя ва мафкуранинг ривожланишида ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кўп миллатли Ўзбекистон давлатининг юксак тараққиёт босқичларига эришишидан бу ерда яшаётган кишиларнинг ҳаммаси манфаатдордир. Шунинг учун мамлакатимизнинг ҳам моддий-иқтисодий, ҳам руҳий-маънавий жиҳатдан қандай ривожланишини шу ерни ватан қилган барча халқ ва этник бирликларнинг, хусусан ўзбек халқининг маънавий-маърифий даражаси, интеллектуал салоҳияти белгилайди. Яъни, Ўзбекистоннинг бугунги ва келгуси тараққиёти, кўп жиҳатдан, ўзбек халқининг маънавий-интеллектуал салоҳиятига боғлиқ бўлиб, бунга эса, аввало, миллий маънавий-маданий меросни, юксак умуминсоний қадриятларни, замонавий илм-фан ва техника ютуқларини чуқур ўрганиб, ўзлаштириш орқали, янги қадриятларни яратибгина эришиш мумкин. Бинобарин, Ўзбекистонда яшаётган халқларнинг ҳамиша фаровон турмуш кечиришлари учун минг йиллар давомида бу ерда яратилган моддий ва маънавий маданиятни; тарих, тил, миллий қадриятларни барча фуқароларимиз томонидан кенг ўрганиб, ўзлаштириш, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиб, янада ривожлантириш зарур.

Чунончи, кўпгина журналист, ёзувчи, олимларимизнинг фикрича, шу ерда туғилиб ўсиб, яшаб келаётган турли миллат ва этник бирликларга, шу жумладан ўзбек миллатига ҳам мансуб айрим фуқароларимизнинг миллий маданият ва қадриятларни ўзлаштириш нари турсин, таассуфки, ҳамон ўзбек тилини ҳам билмаслиги, уни ўрганишга интилмаслиги, уларнинг ўзи туғилиб ўсган ва авлодлари ҳам давру-даврон суриб ўтадиган юртни, умрини яшаб бўлгач, ҳоки қўйиладиган шу муқаддас заминни, ундаги асрлар давомида шаклланган маданият ва халқни назарига илмай, беҳурмат қилишдан, мустабид мустамлакачилик даврларидаги каби, миллий ғурурни оёқости қилишдан бошқа нарса эмас. Зеро, Ватанга, унда яшаётган халққа ҳурмат унинг тили, маданияти, миллий маънавий қадриятларига муносабатда билинади.

Тўғрисини айтганда, қандай миллат ёки ирққа мансублигидан, ёки ким бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистонда туғилиб, шу ерда яшаётган ҳар қандай кишининг ўзбек тилини билмаслиги, бу тилни билиш шарт эмас деб ўйлаши, нафақат ўзбек халқини, умуман, турли-туман миллат ва динларга мансуб 27 миллион аҳоли яшаётган Ўзбекистон мамлакатига беҳурматлик, унинг шаънини назар-писанд қилмасликдир, ўзбек халқи маданиятини, ғурурини оёқости қилишдир. Айниқса, Президентимиз И.Каримов алоҳида таъкидлаб айтганидек, «Ўз фикрини мутлақо мустақил, она тилида равон, гўзал ва лўнда ифода эта олмайдиган мутахассисни, авваламбор, раҳбар курсисида ўтирганларни бугун тушуниш ҳам, оқлаш ҳам қийин»[26].

Умуман, ўзбек тилига муносабатлардаги қусурларнинг муайян ижтимоий сабаблари бор. Назаримизда бу сабабларнинг энг биринчи ва асосийси бизнинг ўзимизда, яъни ўз миллатимиз кишиларининг она тилимизга нисбатан муносабатларидаги лоқайдлигимиздадир. Бу муносабатлар реал объектив ва субъектив асосларга эга бўлиб, аввало, жамиятимизда яшаётган кишиларнинг тилга бўлган аниқ ҳаётий эҳтиёжларини қондириш борасида ўзбек тилининг аҳамиятига эътиборнинг камлиги - пастлигидир. Масалан, қандай миллатга мансуб бўлишидан қатъий назар, ҳозир Ўзбекистонда ўзбек тилини умуман билмасдан туриб ҳам, аксарият соҳаларда, ҳатто давлат идораларидаги катта мансабларда ҳам ишлаб, тўкин-сочинликда фаровон турмуш кечириш, жамиятда яхши обрў-эътиборга ҳам эга бўлиб яшайвериш мумкин деган қараш сақланиб қолмоқда. Яъни, юртимизда ҳар қандай кишининг яхши яшаши учун, ҳатто ўзбек миллатига мансуб киши ҳам, амалда ўзбек тилини ёки халқимиз тарихи ва маданиятини билиш шарт эмас, фақат хорижий тиллардан биронтасини, масалан, инглиз ёки немис тилини билса кифоя, деган кайфият мавжуд. Умуман олганда, бу ҳол жамиятимиз тараққиёти учун унчалик катта хавф эмасдек туюлиши мумкин. Аммо, бу - тилимизнинг турмушдаги аҳамиятининг паст бўлиши миллатимиз, миллийлигимиз учун ниҳоятда катта хавф, миллий маданий тараққиётимиз йўлидаги реал таҳдиддир. Она тилимизнинг турмушдаги аҳамиятининг пастлиги ва шу туфайли келиб чиқадиган ижтимоий оқибатлар жамиятимизда юз бериши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай маънавий-маданий ёки ғоявий-сиёсий инқирозларникидан кўра ҳалоқатлироқ бўлиши мумкин. Чунки, тил - миллат, миллийлик мавжудлигининг шарти. Миллат ижтимоий-маънавий ривожланишининг асосидир.

Инсоннинг оламни (бу ўринда, ижтимоий маънавий борлиқни) билиш жараёнида пайдо бўладиган тушунчалари миллий тилда рўёбга чиқади, унда ифодаланади. Ҳар бир инсоннинг миллий маданият, қадрият, урф-одат, анъаналарни билиши, уларнинг ижтимоий-маънавий моҳияти ва аҳамиятини чуқур тушуниб, англаши учун миллий тилни билиш тақозо қилинади. Зеро, тил - миллатнинг, инсоннинг қалби, дейишади мутафаккирлар. “Маълумки, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади, - дейди Президентимиз И.Каримов. - Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир”.[27] Шу боис инсонни, у мансуб миллатнинг қалбини, маънавиятини билиш учун унинг тилини ўрганиш лозим. Бинобарин миллатга, миллийликка эътибор ҳам, ҳурмат ҳам унинг тилини билишдан бошланади.

Фанларда тўлиқ исботланганидек, тил – онгнинг ифодаланиш шакли бўлсада, у миллий онг тараққиётига жуда катта, баъзан эса, ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. Хусусан, бу ҳол инсонлардаги маънавий-руҳий хусусиятларнинг миллий характердалиги назарда тутилса, аниқ-равшан кўринади. Масалан, ўз миллий тилини билмайдиган одамда шу миллатга хос миллий онг ҳам шаклланиб, ривожланмайди. Миллий онг ва тафаккурсиз эса миллий ғоя ва мафкура бўлмайди. Бинобарин, миллий ғоянинг шаклланишида тилни билиш, уни ҳурматлаш ва қадрлаш ғоят муҳим ўрин тутади. Шунинг учун ўзбек тилини билмаган, уни ҳурмат қилмаган кишининг қалби ва онгида миллий ғоя шаклланиши даргумон.





Дата публикования: 2014-11-04; Прочитано: 665 | Нарушение авторского права страницы | Мы поможем в написании вашей работы!



studopedia.org - Студопедия.Орг - 2014-2024 год. Студопедия не является автором материалов, которые размещены. Но предоставляет возможность бесплатного использования (0.013 с)...