Студопедия.Орг Главная | Случайная страница | Контакты | Мы поможем в написании вашей работы!  
 

Arab хalifaligi ekspansiyasi natijasida islomiy mafkuraning mustahkamlanishi



Марказий Осиё халқлари ҳаётига исломнинг кириб келиши, унинг қадриятларини кенг тарғиб қилиниши натижасида минтақада миллий қадриятларини ривожланишига ва айни вақтда, миллий ғояни шаклланишига ҳам туртки бўлди. Дастлабки даврлардан бошлаб калом яъни ислом фалсафасини, диний талабларни бажаришда араб тили устиворлиги ўрнатилди. Сўнгра фан, адабиёт, фалсафа маданиятининг турларига ҳам араб тилининг таъсири кучли бўлди. Аммо ислом манбалари ва қадриятлари ҳақидаги ёзма манбалар асосан араб тилида бўлса ҳам миллий маданиятмиз, урф-одат, анъаналаримиз ривожланишда давом этди ва маънавиятимиз бойишига хизмат қилди. Демак, халқимиз ҳаётида миллий қадриятлар илм - маърифат ва маданиятнинг ривожланишида ислом кенг имкониятлар яратган. Зеро, минтақада исломнинг халқ ҳаётига кириб келган даврдан бошлаб ташкил этилган мактаб, мадраса ва диний дорилфунунлар савод ва билимга йўл очган. Ўрта асрларда шаклланиб ижод этган саводли киши, олим, шоир, маърифатпарвар, мутафаккирларнинг ҳаёти ва фаолиятида ислом ижобий рол ўйнаган.

Диний шу жумладан, исломий қадриятлар диний онг шаклига эга бўлган кишиларда ўз ифодасини топиб, амалиётга татбиқ этилади. Диний онг шаклланишида диний эътиқод муҳим ўрин тутади. Эътиқод сўзи араб тилидан кириб келган бўлиб, чуқур мустаҳкам ишонч маъносини англатади. Демак, диний онгни шакллантирувчи эътиқод деганда мустаҳкам чуқур ишонч, маслак, иқрор бўлиш тушинилади.

Инсонлар эътиқодини, шу жумладан диний онгни шаклланишига хизмат қиладиган восита билим ва ғоялардир. Зеро, инсон эътиқодсиз, ғоясиз, фикрлашсиз яшолмайди. Инсоният ва жамиятнинг мақсад сари етаклайдиган, ҳаракатга келтирадиган куч ғоядир. Яъни муайёян мақсадлар йўлида бирлашиб ҳаракат қилишга олиб келувчи кўпчиликнинг эътиқодига айланган асосий маслак ғоядир. Диний онгга асосланган диний ғоя ана шулардан биридир.

Диний онгни шакллантирувчи эътиқод ўзига хос муайян ғоя сифатида умуминсоний табиатга эга. Диний онг инсон зотига хос бўлган руҳият маънавий ҳолатдир. Диний онгнинг асосий моҳиятини белгиловчи ғоя илоҳий зот - яратувчига ишониш ва унга сиғиниш, турли диний анъана ва қадриятларга риоя қилиш орқали илоҳий ҳақиқат йўлига кириш мақсади намоён бўлади. Бу маънавий андозалар – меҳнатсеварлик, инсонпарварлик, адолатлилик, имонлилик, инсофлилик, одамларни бир-бирига ишончи ва ҳурмати каби қарашлари диний онгни шакллантиради.

Шахс ва ижтимоий онгида диний ғояни шакллантириш айниқса, ислом минтақамизга кириб келган даврларда анча мураккаб ва зиддиятли жараённи бошдан кечирган. Бизнинг худудимизга киритилган исломнинг ҳанафия мазҳаби энг мўътадил мазҳаблардан бўлгани учун маҳаллий халқларини мавжуд миллий урф-одатлари, анъаналари билан уйғунлашиб, диний ғояни шаклланишига кенг йўл очди. Кейинчалик эса миллий ғояни ҳам шаклланишига ўз таъсирини кўрсатди.

Республикамизда фуқаролик жамияти қурилаётган ҳозирги шароитда, миллий ғоя тарғиботида исломий қадриятлардан фойдаланиш хусусида фикр юритганда бу қадриятларнинг халқимиз тарихида ва ҳозирги вақтда тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида қисқача тўхташни лозим топдик.

Масалан, исломда, энг аввола, дин асослари – «аркон-ад-дин» ҳисобланувчи беш асосий амалий ва маросимчилик рукн талалабларини бажаришга эътибор қаратилди. Ҳозир ҳам шундай. Булар, биринчидан, калимаи шаҳодатни билиш; иккинчидан, ҳар куни беш вақт намоз ўқиш, учинчидан, ҳар йили рамозон ойида бир ой рўза тутиш; тўртинчидан, йилига бир марта шахсий молидан закот бериш; бешинчидан, имкон булса, умрида бир марта ҳаж қилишдан иборат. Исломга хос маросимлар ва одатлар мана шу беш рукн билан чамбарчас боғлиқдир. Исломнинг бу амалий ва маросимчилик талаблари турли элат ва халқлар турмуш тарзига киритилган, ўзига хос маънавий маданиятнинг турига, анъанага айлантирилган. Инсон тафаккурида шаклланган бундай диний ғоя ижтимоий ҳарактерга эга бўлиб, руҳиятга кучли таъсир ўтказиб, жамият ва одамларни ҳаракатга келтирган. Бу ҳолат фақат диний мазмун ва ҳаракат билан чекланмасдан, балки ижтмиоий ҳаётдаги мақсадларини амалга оширишга ҳам кўмаклашган.

Исломий қадриятларни бажарадиган, ислом дини ва маънавиятига ўзини алоқадор деб ҳисобловчи ҳар бир кишида ислом рукнлари орқали аввало диний ғоя шаклланади, кейинчалик у миллийлик билан уйғунлашади.

Миллий маънавиятимизнинг қадимий илдизлари, шу жумладан исломий қадриятлари, ноёб ва бетакрор намуналарини тадқиқ этиш, уларни бугунги кун талаблари билан боғлиқ ҳолда бойитиб тарғиб этиш янги бунёд этилаётган фуқаролик жамияти учун аҳамияти каттадир. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августда қабул қилинган «Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги Қарорида таъкидлаганидек, «Юртдошларимизни муқаддас ислом дини ва фалсафаси, азиз-авлиёларимизнинг ибратли ҳаёти, қутлуғ қадамжоларига, бошқа диний конфессияларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзи, миллатлараро тотувлик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича маънавий-маърифий дастурларни амалга ошириш»[61] вазифаси қўйилган.

Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб, аждодларимиз меросини, маънавий қадриятларни, шу жумладан исломий қадриятларни тиклаш, қарор топтириш ва уларни замонавий мазмун моҳияти билан бойитиш учун кўплаб ҳайрли ишлар амалга оширилди.

Юқоридаги Қарорда кўрсатилганидек, ислом дини ва фалсафаси, азиз-авлиёларнинг ибратли ҳаётини тадқиқ ва тарғиб этишда, унинг фан, адабиёт, фалсафа ва маданиятнинг турларига асрлар давомида кўрсатилган таъсири кўзда тутилиб, ҳозирги замон учун ҳам аҳамиятига эътибор қаратилади.

Истиқлол йилларида буюк бобокалонларимизнинг маънавий меросини тадқиқ этиш, асарларини нашр қилиш, юбелейларини нишонлаш мамлакатимизда одат тусига кириб, миллатимизнинг ҳар томонлама уйғониб, камол топишига кенг имконият яратмоқда. Хусусан ислом фалсафаси асарларини, диний уламо ва алломаларнинг меросини нашр қилиш, ўрганиш, тарғиб этиш халқимизнинг исломий қадриятлардан бахраманд қилишга катта йўл очди.

Марказий Осиё халқлари ҳаётига ислом йўналишларини (асосан суннийлик) тарғибот ёки араб истилоси орқали киритиши билан бир вақтда ислом маданияти, маънавиятини маҳаллий халқлар ўртасида кенг ёйилиши кузатилди. Бу худудда суннийликнинг ҳанафия мазҳаби қонун-қоидаларини маҳаллий халқлар ҳаётига сингдириш суннийликнинг бошқа мазҳабларига нисбатан тезроқ амалга ошди. Имом Аъзам асос солган ҳанафия мазҳаби бошқа мазҳабларга нисбатан, биринчидан, диний бағрикенглилик (яъни бошқа мавжуд динлар ва уларнинг урф-одатлари ҳам давом этиш имконияти); иккинчидан, мўътадил мазҳаблиги (яъни маҳаллий халқлар, миллатларнинг хусусиятларига мос келиши, унинг талабаларини оддий одамларга мос келиши); учинчидан, бу мазҳабга эътиқод қилувчиларнинг ортиб бориши ва ҳозирги вақтда мусулмонларнинг кўпчилиги ҳанафия мазҳабига эътиқод қилиши билан ажралиб туради.

Ислом эволюциясида вужудга келган йўналишларининг муҳим жиҳатларидан бири халқлар маънавиятининг шакллантиришга йўналтирилган қонун-қоидалари ва диний эътиқод талабларидир. Ислом динини қабул қилган ҳар бир мусулмон учун диний маросимчилик талабларини бажаришдан ташқари ҳаётда ҳалол, пок, виждонли бўлиш, халол ва харомнинг фарқига бориш, бошқаларининг мулкига кўз олайтирмаслик, оила қуриш билан ўз фарзандларини ислом таълимоти, талаби руҳида тарбиялаш, ҳалол меҳнат қилиш билан кун кечириш каби ахлоқий нормалар мужассам бўлиши талаб қилинади. Шунингдек, бу таълимотда давлат, жамият, ота-она, ватанга муҳаббат инсонпарварлик, адолат, ҳалоллик мезонлари халқлар маънавиятини шаклланишининг асосини ташкил қилган. Бундай даъватлар ислом эволюциясининг қайси даврида бўлмасин ўзининг тарбиявий аҳамиятини йўқотмаган аксинча, ислом динига эътиқод қилганлар маънавиятини шакллантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келган. Унинг бу жиҳати, яъни жамиятда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштиришга қўшаётган ҳиссасига ҳозирги фуқаролик жамияти шакллантирилаётган мамлакатимизда ҳам муҳим тарбиявий-ахлоқий аҳамият касб этмоқда.

Жаҳон динлари ичида энг кенжаси бўлган ислом дини тез орада жуда кўп халқлар ва миллатлар ҳаётига кириб бориб, уларнинг турмуш тарзидан муносиб ўрин олишидан ташқарии, кўпгина шарқдаги давлатларнинг бошқариш мафкурасига айланди. VIII-IX асрларда ислом эволюциясида турли йўналишлар, мазҳаблар вужудга келишига қарамай ислом таълимоти (унинг асосий манбалари Қуръони карим ва ҳадиси шариф)га асосланган диний мафкура мусулмонлар ҳаётида, хусусан уларнинг маънавий-ахлоқий, дунёқарашларининг шакллантиришда давом этди.

Жамият ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани сингари маънавий, жумладан ахлоқий нуқсонлар ҳукм сураётган ҳозирги даврда исломнинг меҳр-шафқат, мурувват, саҳоват, одамийлик, ҳалоллик хусусидаги панд насиҳатларидан умуминсоний қадриятлар сифатида фойдаланиш ғоят ўринлидир, ҳаётимизнинг маънавий жабҳалари қайта қурилаётган ҳозирги даврда исломнинг регулятив функциясининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда; Ўзбекистон мусулмонлари идораси турли хилдаги хайри эҳсон, саховат жамғармаларини ташкил этиб, хожатмандларнинг дардига малҳам бўлмоқда; шўролар даврида вайрона ҳолатига келган маданий ёдгорликларни ва тарихий обидаларимизни давлат маблағлари ва умумхалқ хашари йўли билан таъмирлаш ишларини олиб бормоқда.

2. Islomda insonparvarlik g’oyalari, gumanistik qadriyatlar va demokratik unsurlarning namoyon bo’lishi.

Islomda insonparvarlik g’oyalari, gumanistik qadriyatlar va demokratik unsurlarning namoyon bo’lishi.

Мустақилликнинг маънавий заминларини мустаҳкамлашда диний қадриятлардан, айниқса, одоб, ахлоқ борасида ислом дини таълимотидан оқилона, ижодий фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Ислом динида нафақат миллий, балки умуминсоний аҳамиятга эга бўлган, ҳозирги пайтда ҳам ўз қимматини тўла сақлаб келаётган энг муҳим ахлоқий қоидалар, фалсафий фикр-мулоҳазалар беҳисоб. Ислом одамларни динидан, миллатидан қатъи назар ўзаро ҳурмат иззатда бўлишга, бир-бирларларини доимо қўллаб-қувватлашга ундайди. Миллат ажратиш, бошқа миллат вакилларини камситиш тушунчалари ислом динига тамомила ёт. “Ислом дини-бу ота-бобларимиз дини, у биз учун ҳам иймон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканлигини унутмайлик, -дейди И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг биринчи мажлисидаги маърузасид, – у қуруқ ақидалар йиғиндиси эмас. Ана шу маърифатни кишиларимиз жон-жон деб қабул қиладилар ва яхши ўгитларга амал қиладилар. Меҳр-оқибатли, номусли, ориятли бўлишга, иззат-эҳтиром тушунчаларига риоя этишга ҳаракат қиладилар”.

3. Qur’oni Karim va Hadislarda hokimiyat tuzilishi, boshqaruv shakllari, fuqaro va hukmdor o’rtasidagi munosabatlar yoritilishi.

Qur’oni Karim va Hadislarda hokimiyat tuzilishi va boshqaruv shakllarining yoritilishi.

Қуръон исломнинг муқаддас китоби сифатида Аллоҳнинг мўъжизали китоби бўлиб, ер юзи мусулмонларининг дастурамали, диний аҳкомлар манбаидир. Қуръон Муҳаммад Пайғамбарга ваҳй орқали тушган тиловат ибодат ҳисобланувчи муқаддас китобдир.

Ана шундай китобларни Аллоҳ бошқа пайғамбарларга ҳам ўз вақтида нозил қилганлиги ҳақидаги фикрлар маълум.

Қуръонда бошқа илоҳий ёзувлар бир йўла тушган деб ҳисобланса, Қуръони карим 23 йил мобайнида Аллоҳ фаришта Жаброил орқали Муҳаммад пайғамбарга ваҳй қилиб юборган, сўнгра улар тўпланиб халифа Усмон ҳукмронлиги даврида мусҳаф қилинган.

Шундай қилиб, ислом дини шаклланган даврдан бошлаб Қуръони Карим ислом динининг асосий манбаси бўлиб келаётир.

VII-IX асрларда ислом таълимотининг тобора кенг ёйилиши билан турли диний жамоа ва давлатлар ўртасида диний ҳуқуқ, қонун-қоидаларни тартибга солиш зарурияти туғилди. Бунда Қуръон ва ҳадисларга асосланган шариат ва унинг манбалари-фиқҳ ва қиёс вужудга келди.

Шариат (арабча тўғри йўл, илоҳий йўл, қонунчилик демакдир)-ислом диний ҳуқуқ қонун қоидалари ва меъёрлари мажмуасидир. Айни пайтда шариат тушунчаси нафақат ислом диний талабларини, балки диний маросимлар, оила, никоҳ ва талоқ масалалари, тижорат, иқтисодий, мулкий муносабатлар, мусулмонларнинг шахсий ва ижтимоий ҳаётига хос кўп масалаларни ўз ичига олади.

Фиқҳ- мусулмон ҳуқуқи сифатида шариатнинг таркибий қисмини ташкил этади. Фиқҳ шариатнинг ғоявий ва амалий ҳаракатлари, тавсифи сифатида мусулмонларнинг турмуш қоидалари ва ижтимоий қарашларини ифодалайди.

Ижмоъ- (арабча якдиллик билан қабул қилинган қарор). Қуръон ва ҳадисларда аниқ кўрсатма бўлмаган ҳуқуқий масалаларни ҳал этишда фақия ва мужтахидларнинг тўпланиб, ягона фикрдан ҳукм чиқариши (фатво бериши).

Қиёс- Қуръон ва Суннада учрамайдиган бирор ҳуқуқий масала, улардаги шунга ўхшаш масала орқали берилган йўл-йўриққа, кўрсатмага мантиқий таққослаш, ўхшатиш йўли билан шарҳ, изоҳ этиш асосида ҳукм ёки фатво чиқариш.

Ислом давлат дини бўлиб келган мамлакатларда шариат талабларига амал қилиб келинган, ҳозир ҳам шундай. Ҳозирги даврда Ўзбекистон халқлари орасида мархумнинг еттисини, йигирмасини, қирқини ва бошқа маросимчиликларини ўтказиш одати бор. Холбуки, шариат бундай маросимларни ўтказиш ёки ўтказмаслик ҳақида бирон-бир кўрсатма бермаган.

Qur’oni Karim va Hadislarda fuqaro va hukmdor o’rtasidagi munosabatlar yoritilishi.

Ҳадис ва ҳадисшунослик илмини шакллантиришга бўлган ҳаракат ислом пайдо бўлган дастлабки йилларданоқ бошланган. Чунки ислом динининг асосий манбаи бўлган Қуръони каримдан кейин уни изоҳловчи ва баён этувчиси бўлмиш Расулоллоҳнинг сўзлаган ҳикматли гаплари ўз ҳаёт фаолиятларида қилган ишлари-ул зотнинг ҳадислари ҳисобланади. Ислом жамоаси Қуръони каримнинг сура ва оятларида келтирилган таълимотлар, амаллар ва ҳуқуқий кўрсатмалардан фойдаланган ҳолда Расулоллоҳнинг сунна (ҳадислар)ларидан ҳам боҳабар бўлмиш, амалий ҳаётга татбиқ қилиш зарурий ҳол бўлган.

Маълумки, ҳадисларда ислом аҳкомлари, яъни фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳалол, ҳаром, макруҳ, мубоҳ каби амал турларидан ташқари, ахлоқ-одобга доир дастурлар талқин этилади. Унда халқ орасида кенг тарқалган ахлоқ-одобга оид мақол, қимматли ҳикматли гаплар ҳам қамраб олинган.

Ҳадисда инсон иймони мукаммал бўлмоғининг уч шарти келтирилган:

-тўғри эътиқодли бўлмоқ;

-кишилар билан яхши муносабатда бўлмоқ;

-киши ўз устида ишламоғи ва ўзини ибодат ва тоатда чиниқтирмоғи, лозимлиги айтилган.

-«Ватанни севмоқ иймондандир».

-«Аллоҳ Таоллонинг рози бўлиши отанинг рози бўлишига ва унинг ғазаби ҳам отанинг ғазабига боғлиқлиги».

Ҳадисларда айтилишича, гуноҳларнинг энг каттаси «Аллоҳ Таоллога ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш». Расули Акрам «Огоҳ бўлинглар! Шу катта гуноҳлардан бири ёлғон гапирмоқ, туҳмат қилмоқликдир», деганлар.

-«Ким ота-онасини рози қилса унга тубо (жаннат) насиб бўлиб, Аллоҳ Таола унинг умрини ҳам зиёда қилади».

-«Ота-она кексайган пайтда дуоларини олмаган кишилар хор бўлади».

Ҳадисларда миллатлараро тотувликка оид фикрлар ҳам кўп учрайди, масалан:

-«Кимки мусулмон мамлакатида яшовчи бошқа динган мансуб кишини ҳақорат қилса, қиёмат куни ўтдан ясалган қамчи билан саваланади».

-«Кимки сулҳ битими билан яшаётган ғайриддинни ўлдирса, у жаннатнинг бўйини ҳам ҳидламайди».

Ҳадисларда илм олиш ҳақида ҳам яхши фикрлар билдирилган:

-«Илм ибодатдан устундир. Тақво динини тутиб турувчи устундир».

-«Гарчи Чинда бўлса ҳам илмга интилинглар, чунки илм олишга интилиш ҳар бир мўминга фарздир».

Имом ат-Термизий ҳадисларидан баъзи намуналарини келтирамиз:

-«Ҳар бир маст қилувчи нарса харомдир».

-«Уч хил дуо шаксиз мустажобдир: мазлумнинг дуоси; мусофирнинг дуоси, отанинг болага қилган дуоси».

-«Қайсингизнинг учта қизингиз ёки учта синглингиз бўлса, уларга яхшилик қилсангиз, жаннатга кирасиз».

-«Бир-бирингизнинг орангизни узманг, бир-бирингизни орқангиздан айб қидирманг, бир-бирингизни ёмон кўрманг, бир-бирингизга ҳасад қилманг».

-«Яхши хулқ очиқ юзликдир, эзгуликни ёйиш ва одамлардан азиятли нарсани узоқлаштиришдир».

-«Шарму ҳаё ва тортинчоқлик иймоннинг икки шаҳобчасидир. Бешармлик ва сурбетлик эса нифоқнинг икки шаҳобчасидир».

Ҳадислардаги намуналарни давом эттириш мумкин ва лозим.

Хулоса шуки, ҳадиси шарифларда айтилган ибратомуз фикрлар асрлар оша мусулмонларни яхши хулқ, одат, инсоф ва виждонийликка чорлаган. Кишилар ўртасидаги илиқ муносабатларнинг шаклланишига хизмат қилган.





Дата публикования: 2014-11-04; Прочитано: 990 | Нарушение авторского права страницы | Мы поможем в написании вашей работы!



studopedia.org - Студопедия.Орг - 2014-2024 год. Студопедия не является автором материалов, которые размещены. Но предоставляет возможность бесплатного использования (0.012 с)...